«Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши масаласи очиқлигича қолмоқда» — Содиқ Сафоев

«Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши масаласи очиқлигича қолмоқда» — Содиқ Сафоев

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиши Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлишига қараганда кўпроқ мунозараларга сабаб бўлмоқда, шу сабабли бу масала очиқлигича қолмоқда. Бу ҳақда 17 ноябрь куни Вашингтон Атлантика кенгашида сўзга чиққан Ўзбекистон Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маълум қилди.

Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан АҚШда бўлиб турибди, ташриф 22 ноябргача давом этади.

«ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун энг устувор вазифадир ва биз ушбу ташкилотга қўшилишга тайёргарлик қилишда кўрсатаётган улкан ёрдами учун АҚШдан миннатдормиз.  Ўтган ҳафта Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов ва АҚШ савдо вазири Уилбур Росс (видеоконференция шаклида) жуда муваффақиятли музокаралар ўтказди. Биз АҚШнинг қўллаб-қувватлашига яна бир бор амин бўлдик», — деган Содиқ Сафоев.

Сенатнинг биринчи вице-спикери мамлакатнинг бир қатор экспертлари ЖСТга аъзо бўлиш «корхоналарнинг глобал рақобатга дош бера олиш қобилиятига путур етказади» деган хавотирда эканлигини тан олди. «Аҳолининг аксарияти (қўшилишни қўллаб-қувватлайди), ҳукумат ва парламентда ЖСТга аъзо бўлиш бўйича консенсус (маслаҳатлашиш жараёнида келишилган) мавжуд», — дея қўшимча қилди у.