“Ўзбекнефтгаз” AЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Татаристонда “Татнефть” компанияси Бош директори Наиль Маганов билан учрашди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” AЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Татаристонда “Татнефть” компанияси Бош директори Наиль Маганов билан учрашди (Фото)

Татаристоннинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Татаристон нефть ва газ-кимё форуми–2021” доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Aбдуллаев “Татнефть” компанияси Бош директори Наиль Маганов билан учрашиб, нефть ишлаб чиқариш, нефть-кимё соҳасидаги ҳамкорлик борасида музокара ўтказди.

Ушбу учрашув Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минихоновнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи (жорий йилнинг 16-17 июнь кунлари), шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” AЖ делегациясининг Татаристон Республикасига ташрифи давомида (2021 йил 23-26 июнь кунлари) белгиланган келишувларни амалга ошириш мақсадида ўтказилди.

Бошқарув раиси “Ўзбекнефтгаз” AЖ мутахассисларининг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратиш ва кичик тоннали газ кимёси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имзоланган “Йўл харитаси” доирасидаги масалалар муҳокамасига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, геологик-қидирув, қудуқларни қайта ишлаш, қудуқларни бурғилаш, кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, “Татнефть” компанияси–нефть ва газ қазиб олиш, нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, шиналар мажмуаси, ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, энергетика, ишлаб чиқариш борасида нафақат Россидаги, балки жаҳондаги йирик нефть компанияларидан биридир.

“Ўзбекнефтгаз” AЖ ва “Татнефть” компанияси кўп йиллик ҳамкорлик тажрибасига эга бўлиб, йиллар давомида бир қанча ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилган

Музокаралар чоғида томонлар икки компания ўртасидаги ҳамкорлик соҳаларининг аҳамияти ва долзарблигини қайд этишди. Бошқарувчилар ҳар бир лойиҳа стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Дўстона руҳда ўтган учрашувдан кўзланган асосий мақсад нафақат компаниялар, балки бутун минтақа ва мамлакат ишлаб чиқариш саноатида ижобий натижаларга биргаликда эришиш эканлиги билдирилди.

Компанияларнинг масъул мутахассислари ва “Ўзбекнефтгаз” AЖ ва “Татнефть” компанияси доимий қўшма “Ишчи гуруҳ”ининг маслаҳатлашувларидан сўнг, биргаликда ишлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларнинг қамраб олган кенгайтирилган “Йўл харитаси” тасдиқланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати