“Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз тарихида илк марта халқаро корпоратив кредит рейтингига эга бўлди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз тарихида илк марта халқаро корпоратив кредит рейтингига эга бўлди

Ўзбекистон нефть ва газ тармоғи миллий оператори – “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз тарихида биринчи марта “Fitch Ratings” томонидан “барқарор” прогнози билан " BB-" даражасидаги рейтингни эгаллади.

Маълумот учун: Кредит рейтинги – рейтинг агентлигининг қарздорнинг умумий кредит лаёқати ёки кредит олувчининг аниқ қарздорлик мажбуриятлари бўйича хавф омилларини баҳолашга асосланган фикри.

2021 йил февраль ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ рейтинг агентликларидан халқаро бозорга босқичма-босқич кириш учун халқаро кредит рейтингини олиш ишларини бошлаган эди.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг 9 апрелида “Fitch Ratings” томонидан Ўзбекистон Республикасининг “BB-“ даражасида узоқ муддатли кредит рейтинги “барқарор “прогнози” билан сақланганлиги тасдиқланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан “Газпромбанк” АЖ билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олишда яқиндан иш олиб борди.

Шу билан бирга, 2021 йил 10 августда “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва “Fitch Ratings” таҳлилчилари ўртасида компаниянинг кредит лаёқатини баҳолаш учун рейтинг учрашуви ўтказилди.

Тақдимот натижасига кўра ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кредит қобилияти тўғрисидаги маълумотлар асосида “Fitch Ratings” қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг суверен (BB-) даражасидаги рейтинг (ВВ-/Барқарор) берилди.

Маълумот учун: “BB” – кредит хавфлари мавжуд бўлиши мумкин экани, бироқ компания инвесторлар ва кредиторлар олдидаги молиявий мажбуриятларини бажара олади. Бунда компания инвестиция ҳисобланади.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Ўзбекистон Республикасида суверен даражада халқаро корпоратив рейтингга эга бўлган биринчи компания ҳисобланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати