“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Устюрт регионида амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари ҳолатини ўрганди (фото)

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Устюрт регионида амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари ҳолатини ўрганди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 18 ноябрдаги №4522-сонли Қарорида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш, бу орқали табиий газ захираларини кўпайтиришни таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Устюрт регионида олиб борилаётган геология-қидирув ишлари ўрганилди.

Бошқарув раиси томонидан дастлаб Устюрт регионида олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати жойида кўриб чиқилди, ушбу жараёнларда иштирок этаётган мутахассислар иштирокида танқидий-таҳлилий муҳокама ҳам ўтказилди.

Устюрт регионида амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари доирасида 2021 йил бошидан буён битта янги майдон излов-қидирув ишларига жалб этилди. Натижада эса, 25 минг метр бурғилаш ишлари бажарилди.

Бундан ташқари, 3 та қудуқ қурилиш билан тугатилиб, саноат миқёсидаги табиий газ оқимлари олина бошланди ҳамда углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ишлари бошланди.

Бошқарув раисига ушбу регионда жорий йил бошидан буён геология-қидирув ишлари бўйича тадбирларни бажариш эвазига 4,9 миллион тонна шартли ёқилғи миқдоридаги углеводород захираларини кўпайтиришга эришилгани, белгиланган тадбирлар 120%га бажарилгани, шунингдек, уларнинг самарадорлиги 7 баробардан ошаётгани борасида ҳисобот берилди.

Геология-қидирув ишларининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш жараёнида Бошқарув раиси томонидан “Қуйи Сургил” ва “Ғарбий Қуйи Сургил” конларида бажарилаётган геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, “Қуйи Шарқий Бердақ” майдонидаги 2-, 3-сонли қудуқлардаги бурғилаш ишларини жорий йилнинг сентябрь ойида, шунингдек, “Шагирлик” майдонидаги 1-сонли излов-қидирув қудуқларида бурғилаш ишларини самарали якунлаш бўйича топшириқлар берилди.

Бу борада белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида тегишли департамент бошлиқлари ва мутухассисларга зарур кўрсатмалар берилди.

Устюрт регионида жорий йил якунига қадар амалга ошириладиган геология-қидирув ишларининг барча тадбирларини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш, уларни мақсадли қайта режалаштириш ҳамда ортиқча сарф-харажатларни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Геология-қидирув ишларина амалга ошириш доирасида Устюрт регионидаги майдонлар ва объекларнинг янги истиқболларини аниқлаш, уларнинг ҳудудидаги чуқур қатламларни ўрганиш, барча маълумотларни комплекс таҳлил қилиш бўйича таҳлилларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ўрганиш ишлари давомида, 2021 йил якунига қадар яна 1 та янги майдонни излов-бурғилаш ишларига киритиш, якунда ушбу регионда 43 минг метр бурғилаш ишларини бажариш, яна камида 3 та қудуқда бурғилаш ва маҳсулдор қатламларни синаш ишларини якунлаш белгиланди.

Шунингдек, углеводород хомашёси захираларини 13,0 миллион тонна шартли ёқилғи миқдорига кўпайтиришни таъминлаш бўйича зарур кўрсатмалар берилиб, жорий йил якунига қадар Устюрт региони бўйича геология-қидирув ишларининг барча кўрсаткичларини 100 фоиздан ортиғи билан бажариш вазифаси топширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Устюртдаги ишлар ҳолатини ўрганиш жараёнида ишчи-ходимларга яратилган шароитга алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, ишчи-ходимларнинг махсус кийим-бош билан таъминланганлик, овқатланиш ҳамда яшаш шароитлари ўрганилди.

Бошқарув раиси томонидан ишчи-ходимларнинг ётоқ-жойларида улар учун ажратилган жиҳозлар, музлаткич ва кунлик овқатланиши, зарур маҳсулотларнинг сақланиши ҳамда сифатига эътибор қаратди.

Бунда ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар бундан-да яхшироқ бўлиши, ёзнинг жазирама ва қишнинг аёзли кунларида айнан мана шу ишчиларнинг меҳнати эвазига табиий газ қазиб чиқариш ҳажми оширилаётгани айтилди ва улар яхшироқ шароитга муносиб эканлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Устюртда табиий газ қазиб чиқариш борасида ўрганиш ишларини давом эттиради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати