“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси табиий газ қазиб чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Устюртда бўлди (фото)

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси табиий газ қазиб чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида Устюртда бўлди (фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Қорақалпоғистон Республикасидаги тизим ташкилотлари фаолияти ҳамда белгиланган режаларнинг бажарилиши ҳолатини ўрганмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг нефть ва газ маҳсулотларига бўлган талабини қондиришни таъминлаш мақсадида, углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни ошириш борасида бир қатор қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, табиий газ қазиб чиқариш мақсадида янги кон ва янги қудуқлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бошқарув раиси “Қуйи Шарқий Бердақ” 2-сонли қудуғида бўлиб, бурғилаш ишларининг амалга оширилиши билан танишиб чиқди.

Аввало бурғилаш жараёнида иштирок этаётган барча ишчи-ходимларга етарли шароит яратилганлиги ҳамда уларнинг куз фаслига мўлжалланган махсус кийимлар билан, ётоқхона билан тўла таъминланганлик ҳолатини ўрганди.

Бу борада Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Олим Оринбаевга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек, “Қуйи Сургил” конидаги 6-, 11-, 21-, 22-сонли қудуқларда ҳам бўлиб, бурғилаш ишлари ҳамда табиий газ қазиб чиқарилиши билан яқиндан танишиб чиқилди.

“Қуйи Сургил” конидаги 11-сонли қудуқда олиб борилаётган ишлар билан танишиш жараёнида тушлик бўлиб қолганлиги сабабли, ишчи-ходимлар Бошқарув раисини тушликка таклиф қилишди. Яратилган шароитларни янада яқинроқ ўрганиш мақсадида уларнинг таклифи қабул қилиниб, “Ишчи гуруҳ” аъзолари билан биргаликда кўчма ошхонада овқатланишди.

Бошқарув раиси бу жараёнда ҳам аввало ишчи-ходимларнинг овқатланиш шароитларини ўрганиб, уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва меъёри ҳамда уларнинг сақланиши бўйича ўрганиш ўтказди.

Ўз навбатида, “Қуйи Сургил” конида саноат миқёсида ўзлаштириш ишлари жадал давом эттирилиб, ушбу региондаги бошқа бир қатор конларнинг ҳам қўшимча, янги истиқболларини очиш белгилаб олинди.

Бошқарув раиси шу куннинг ўзида “Сурсуар” конидаги 2-сонли қудуқ фаолияти ва бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб чиқди.

Ушбу конлар ва қудуқларнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича табиий газ қазиб чиқаришни таъминлаш борасида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этилиб, улардаги бурғилаш ишларининг ҳар бир жараёнларини олдиндан пухта тайёргарлик кўрган ҳолда, мукаммал бажариш лозимлиги ва бу ишларга барча зарур ресурсларни жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Ташриф давомида “2017–2021 йилларда углеводородлар қазиб чиқаришни ошириш Дастури” бўйича Бош Пудратчи ҳисобланган “ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC” компаниясининг мутахассислари билан қудуқларни бурғилашни коммерция тезлигини ошириш бўйича ўзаро фикрлар алмашилди.

Дастур доирасида Бош пудратчи томонидан бурғиланаётган “Қуйи Сургил–21”, “Шарқий Бердақ-56НН” ва “Шарқий Бердақ-65НН” қудуқларини жорий йилнинг октябрь ойида ишлаб чиқаришга топшириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўрганиш ишлари давомида, Устюрт регионида жорий йил якунига қадар амалга ошириладиган геология-қидирув ишларининг барча тадбирларини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш, уларни мақсадли қайта режалаштириш ҳамда ортиқча сарф-харажатларни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Геология-қидирув ишларина амалга ошириш доирасида Устюрт регионидаги майдонлар ва объекларнинг янги истиқболларини аниқлаш, уларнинг ҳудудидаги чуқур қатламларни ўрганиш, барча маълумотларни комплекс таҳлил қилиш бўйича таҳлилларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Устюрда бажарилаётган ишлар ўз самарасини бера бошлади ва биз рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилнинг январь-июль ойлари давомида бошқармада 2,1 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилишига эришилди, режа кўрсаткичи ортиғи билан, яъни 105,8 фоизга бажарилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 113,1 фоизни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил якунига қадар 68 та геолого-техник тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган (16 та газ қудуқларини бурғилишдан ишга тушириш, 50 та газ қудуқларида капитал таъмирлаш ва интенцификация ишлари олиб бориш ва технология йўналишида 2 та объектларни ишга тушириш). Белгилан вазифаларнинг бажарилиши 956,4 млн куб метр табиий газ қазиб чиқаришга замин яратади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати