“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Устюртда “ERIELL” компанияси билан ҳамкорликда бажарилаётган қудуқлар бурғилаш ва қурилиш ишлари ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Устюртда “ERIELL” компанияси билан ҳамкорликда бажарилаётган қудуқлар бурғилаш ва қурилиш ишлари ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида Углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш Дастури доирасида қудуқларни бурғилаш, технологик объектлар ва газ қувурлари лойиҳалари ижроси ҳолати билан танишди.

Жумладан, Дастур доирасидаги ишларни амалга оширишга “ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси Бош пудратчи сифатида жалб қилинган бўлиб, ҳозирда 21 та замонавий технологик жиҳозланган дастгоҳлар ёрдамида қудуқларни бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

2021 йилда 102 та, Дастур бошидан жами 437 та янги ишлатиш қудуқлари бурғуланиб ишлаб чиқаришга топширилган. Устюрт ҳудудида ишлатиш қудуқларни бурғилаш ишларига 5 та бурғилаш дастгоҳлари жалб қилинган.

Дастур доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан “Шарқий Бердақ” кони ҳудудида 63-сонли ишлатиш баҳолаш (ОЭ) қудуғи маълумотларини комплекс таҳлил қилиш асосида коннинг қўйи юра ётқизиқларида янги истиқболли қатламларини очиш мақсадида 4300 метр чуқурликкача бурғилаш таклиф қилинган эди. Ҳозирда қудуқ туби қарийб 3900 метр бўлиб, бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда.

Шу билан биргаликда, “Ишчи гуруҳ” бурғилаш ишлари олиб борилаётган “Қуйи Сургил” конидаги 21-сонли қудуғидаги бурғилаш жараёни билан яқиндан танишди. Қудуқ лойиҳавий чуқурлиги 4300 метр бўлиб, мутахассислар томонидан коннинг қуйи юра қатламларини янада чуқур ўрганиш мақсадида ушбу қудуқни 4500 метр чуқурликкача бурғилаш бўйича қарор қилинди ва қудуқ ушбу чуқурликкача бурғиланди. Ҳозирда қудуққа ишлатиш қувурлари тушириш ва ўзлаштириш учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу таъкидлаш лозимки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларнинг саъйи-ҳаракатлари эвазига Устюрт ҳудудида айрим қудуқларнинг қурилиш конструкцияларига ўзгартиришлар киритилди ва лойиҳавий чуқурликка нисбатан қўшимча бурғилаш ишлари олиб борилди. Бу эса ўз натижасини берди, қудуқлардан кутилган маҳсулотга нисбатан 4-5 баробар кўп миқдордаги табиий газ оқими олинишига эришилди.

Жумладан, “Қуйи Сургил” 14-, 20-сонли ва “Шарқий Бердақ” 96-сонли қудуқларнинг ҳар биридан кунлик дебити 1,0 млн куб метргача бўлган газ оқими олинди. Дастур доирасида қуйи юра қатламларига қазилаётган юқори маҳсулдор қудуқларни бурғилаш учун, атрофида ишлаётган қудуқлар ҳолати, коннинг амалдаги геологик ва гидродинамик моделларини чуқур ўрганиб чиққан ҳолда қудуқлар ўрни белгиланган.

Дастур доирасида углеводород хомашёси қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, конлардан газни комплекс тайёрлаш қурилмаларигача ва қурилмалардан магистрал газ қувурларигача узатиш тизимлари қувватини ошириш учун технологик объектлар ва 83,5 км узунликдаги турли ўлчамдаги газ қувурлари ишга туширилди.

Хусусан, Устюрт ҳудудида 2021 йил давомида “Қуйи Сургил” ва “Арслон” конларидан газ қазиб чиқаришни янада кўпайтириш ва қувурларнинг газ узатиш қувватини ошириш мақсадида “Арслон” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасигача узунлиги 8,2 км, “Шимолий Бердақ” конидан “Шарқий Бердақ” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасигача узунлиги 6,2 км қувурлар ишга туширилди.

Бундан ташқари, “Арслон” ва “Шарқий Бердақ” Газни комплекс тайёрлаш қурилмаларидан “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурларига газ узатиш қувурларининг газ ўтказиш қувватини ошириш мақсадида узунлиги 17 км газ қувури, жами бўлиб эса 31,4 км қувурлар ишга туширилиб, фойдалана бошланди.

Дастур доирасида технологик қурилмаларни қуриш ва ишга тушириш бўйича Муборак ҳудудидаги “Денгизкўл” конида газ сиқув компрессор станциясининг 2-навбатини, Шўртан бошқармасидаги “Жанубий Тандирча” конида сиқув компрессор станцияси қурилиш монтаж ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси 2022-2023 йилларда ҳам углеводород хом ашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастури доирасида қудуқларни бурғилаш, технологик объектларни қуриш ва ишга тушириш йўналишида самарали ҳамкорликни давом эттиради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати