“Ўзбекнефтгаз”: Европанинг йирик банклари билан газ-кимё мажмуасининг кенгайтириш инвестицион лойиҳаси учун 1,1 млрд евролик шартномалар имзоланди (фото)

“Ўзбекнефтгаз”: Европанинг йирик банклари билан газ-кимё мажмуасининг кенгайтириш инвестицион лойиҳаси учун 1,1 млрд евролик шартномалар имзоланди (фото)

“Deutsche Bank”, “Landesbank Baden-Wuerttemberg” ва “Landesbank Hessen-Thüringen Girozentrale” (“Helaba”) банклари “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳасида иштирок этади.

“Ўзбекистон: Иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи” иқтисодий форуми доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Европанинг учта етакчи банки ўртасида молиявий ҳамкорлик бўйича муҳим шартномалар имзолангани эълон қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бир қатор йирик банклар вакиллари билан шартномаларни имзолади. Жумладан, “Россия экспорт маркази” АЖ вице-президент Никита Гусаков билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, “Шўртан газ кимё мажмуаси ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш” лойиҳасини “Euler Hermes” (Германия) ва бошқа Европа ЭКА суғурта қопламалари остида 300 млн еврогача миқдорда “Helaba” банки билан молиялаштириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ва Савдо ва экспортни тизимли молиялаштириш бўйича Сардор Холмаҳмадов ҳужжатларни имзолашди.

Шунингдек, “Euler Hermes” (Германия) ва бошқа Европа ЭКА суғурта қопламалари остида 300 млн еврогача миқдорда “Landesbank Baden-Wuerttemberg” банки билан молиялаштириш бўйича Меҳриддин Абдуллаев ва Банкнинг Ўзбекистондаги Бош вакили Азиз Иномходжаев ҳамкорлик шартномасига имзо чекишди.

Форум доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Societe Generale S.A.” банки билан ўзаро билан ҳам англашув меморандуми имзоланди.

Томонларнинг вакиллари, яъни “Societe Generale S. A” банкининг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича Раҳбари Гулиева Тейба ва Жамият Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев меморандум имзолашди.

Имзолаш маросимидаги сўнгги келишув, “Euler Hermes” (Германия) ва бошқа Европа ЭКА суғурта қопламалари остида 500 млн еврогача миқдорда “Deutsche Bank” банки билан бўлиб ўтди.

“Шўртан газ кимё мажмуаси ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш” лойиҳасини молиялаштириш бўйича ўзаро англашув меморандуми “Deutsche Bank”нинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги Игорь Вагнер ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан имзоланди.

Шўртан газ-кимё мажмуасининг (“Шўртан ГКМ кенгайтириш лойиҳаси”) ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш инвестиция лойиҳасини молиялаштириш тўғрисидаги ҳамкорлик шартномалар 1,1 млрд евродан ортиқ қийматда бўлди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,8 млрд АҚШ долларга тенг бўлиб, шундан 1,2 млрд АҚШ доллари хорижий банклар ва молия институтлари консорсиуми, 600 млн АҚШ доллари эса “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тақдим этилади.

 
Эслатиб ўтамиз, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватининг кенгайиши ҳисобига, йилига қўшимча 280 минг тонна бимодал полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 50 минг тонна пиролиз дистиллятни ишлаб чиқаришни таъминлашга хизмат қилади. Синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводида (GTL) ишлаб чиқариладиган синтетик нафта Мажмуанинг лойиҳалаштирилаётган кенгайтириш объектлари учун хомашё базаси сифатида хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати