“Ўзбекнефтгаз”: Ўрта ва узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш лойиҳасига АҚШнинг “BCG” консалтинг компанияси жалб этилди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз”: Ўрта ва узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш лойиҳасига АҚШнинг “BCG” консалтинг компанияси жалб этилди (Фото)

"Ўзбекнефтгаз" аксиядорлик жамиятини трансформация қилиш лойиҳаси доирасида бирламчи  оммавий  жойлаштириш (IPO)га тайёргарлик  қизғин давом этмоқда. 

Шу билан бирга, бугунги кунда компания турли бизнес сигментларида бир қатор чақириқларга дуч келмоқда:

  • Республикада нефт маҳсулотларига талабнинг ортиб бориши;
  • ESG кун тартибидан келиб чиққан ҳолда юзага келадиган чақириқлар;
  • Газ саноати соҳасида эълон қилинган ислоҳотлар ва бошқалар.

Трансформация салоҳиятини тўлиқ  юзага чиқариш ва амалга  ошириш учун  "BCG"  консалтинг компанияси билан биргаликда "Ўзбекнефтгаз" АЖ ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш" лойиҳасига старт берилган. 

2021 йил 17 ноябрь куни консалтинг компанияси вакиллари билан лойиҳа доирасида дастлабки учрашув (kick-off meeting) ўтказилди. 

Учрашув давомида компания бизнес жараёнлари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди, BCG'нинг асосий сигментлар бўйича дастлабки кузатишлари ва хулосалари тақдим этилди, шунингдек, компаниянинг ўсиш ва ривожланиш учун потенсиал имкониятлари муҳокама қилинди. 

Муҳокама давомида лойиҳанинг мазмун ва мақсадлари умумий режа ва иш ҳажми,  "Ўзбекнефтгаз"  АЖ ва BCG томонидан лойиҳа жамоаси келишиб олинди. 

Лойиҳанинг асосий мақсади қазиб олиш ва геология қидирув, нефтни қайта ишлаш ва газ кимёси, маркетинг ва сотиш соҳаларида ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўлиб, қуйидаги вазифаларни амалга оширишни назарда тутади:

• “Ўзбекнефтгаз” АЖ стратегиясини тармоқдаги ўзгаришларга мослаштириш (шу жумладан, газ саноати модели, ESG, тартибга солиш ва бошқа йўналишлардаги ўзгаришлар);

• Стратегияни амалга ошириш натижалари ва компаниянинг ривожланиш динамикасини кузатиш имконияти;

• Узоқ муддатда рақобатбардошликни таъминлай оладиган самарали операцион моделни яратиш;

• Компаниянинг молиявий ва операцион самарадорлигини ошириш;

• Инвестиция дастурлари самарадорлигини баҳолаш ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Лойиҳанинг биринчи босқичида сегментлар бўйича фаолиятни диагностика қилиш, ҳар бир сегментни ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини аниқлаштириш, шунингдек, ривожланиш стратегияси лойиҳасини расмийлаштириш ва келишиш бўйича ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Кейинги босқичларда операцион моделнинг мақсадлари шакллантирилади, портфелдаги лойиҳаларни амалга ошириш ва асосий параметрларини оптималлаштириш стратегияси аниқланади, барқарор ривожланиш сиёсати ишлаб чиқилади.

Лойиҳа, умуман олганда, компаниянинг ташкилий модели ва инвестицион самарадорлигини ошириш дастурини шакллантиришга, молиявий ва операцион кўрсаткичларини янада яхшилашга ҳамда янги чақириқларга ечимлар таклиф қилишга қаратилган.

Учрашув натижасида, томонлар келгусидаги ҳаракатларни келишиб олишди, турли йўналишлар (кон ва геология-қидирув, нефтни қайта ишлаш ва газ кимёси) бўйича масъул мансабдор шахслар белгиланди, шунингдек, самарали ўзаро ҳамкорлик ва лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш мақсадида BCG жамоасини Трансформация департаменти офисида жойлаштириш юзасидан қарор қабул қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати