“Ўзбекнефтгаз”: Россиянинг “Газпром” компанияси ҳамкорлигида кадрларнинг малакаси оширилмоқда (Фото)

“Ўзбекнефтгаз”: Россиянинг “Газпром” компанияси ҳамкорлигида кадрларнинг малакаси оширилмоқда (Фото)

Жорий йилнинг 27 октябрь куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Санкт-Петербургга қилган сафари чоғида “Газпром” Бошқаруви раиси Алексей Миллер билан учрашган эди.

Учрашув чоғида ҳамкорликда конлардан газ қазиб олиш бўйича амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш қаторида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги ходимларни сўнгги бир неча йил мобайнида малакасини ошириш соҳасида муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди ва жорий йилда иккала компания кадрларини тайёрлаш ва ривожлантиришга янада эътибор қаратишга урғу берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига 2017 йил 4–5 апрель кунлари амалга оширган Давлат ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Газпром” АЖ ўртасида “Кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида” меморандум бу борадаги алоқаларнинг асоси ҳисобланади.

Мазкур меморандумга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан ходимларнинг малакаси ва билимларини ошириш мақсадида “Газпром корпоратив институти” томонидан ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган навбатдаги “Нефть ва газ конларини разведкаси ва қидирувининг замонавий усуллари ва технологиялари”, “Мураккаб тоғ-геологик, технологик шароитда қудуқларни бурғилаш ва лойиҳалаштириш” ва “Мураккаб геологик тузилишга эга бўлган ва фойдаланиши мураккаб конлардан углеводород хомашёсини қазиб олиш” ўқув курсларида 60 нафар мутахассислар ўқитилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, ҳамкорлик ришталари натижасида 2021 йилнинг шу даврига қадар нефть-газ соҳасининг 7 та устивор йўналишлари бўйича жами 140 нафар ходим ўқитилишга эришилди.

Маълумот учун: 2017 йилда “Газпром” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган. 2018 йилнинг май ойида “Газпром” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида “Шахпахта” конини ўзлаштириш бўйича Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги №2 битимга асосан қўшимча келишув имзоланган эди. Ҳужжатда газни қазиб олиш 2024 йилгача давом эттириш назарда тутилган.

Ўзбекистонда “Газпром”нинг фаолиятини “Gazprom EP International B.V.” – “Газпром” АЖнинг углеводород конларини қидириш, қидириш ва ўзлаштириш соҳасида хорижий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ихтисослашган компанияси амалга оширади. 2018 йилнинг октябрь ойида “Gazprom EP International” ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги ўртасида “Жел” кони бўйича Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим имзоланган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати