“Ўзбекнефтгаз”: Россиянинг қатор молиявий институтлари билан 257,3 млн доллар миқдорида ҳамкорлик шартномалари имзоланди

“Ўзбекнефтгаз”: Россиянинг  қатор молиявий институтлари билан 257,3 млн доллар миқдорида ҳамкорлик шартномалари имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон-Россия икки томонлама ҳамкорликни турли соҳаларда мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Жумладан, Россиянинг “ВЕБ.РФ” банки, “ЭКСАР”, “Газпромбанк” ва “Банк ГПБ Интернатионал С.А.” компаниялари  билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида углеводородлар хом ашёси қазиб олишни кўпайтириш дастурини молиялаштириш доирасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди.

“ВЕБ.РФ” кузатув кенгаши раҳбари ўринбосари Д.В. Алгульян, "ЭКСАР" бош директори Н.В. Гусаков, “Банк ГПБ Интернатионал С.А.” Бошқарув раиси Д.Н. Деркач ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Меҳриддин Абдуллаев ушбу битимларни имзоладилар.

Ушбу битимлар "ВЕБ.РФ", "ЭКСАР" АЖ, "Газпромбанк" АЖ ва “Банк ГПБ Интернатионал С.А.” иштирокида Ўзбекистон Республикасида нефт ва газ қазиб олишни кўпайтириш бўйича иш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда Россия маҳсулотларини етказиб беришни молиялаштириш учун 257,3 млн доллар миқдорида бўлишига келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг  юқорида келтирилган молиявий институтлар билан “ГТЛ” заводининг қурилиши, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва бошқа кўплаб инвестицион лойиҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик қилинган. 

Таъкидлаш жоизки, углеводород хом ашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастури мамлакатимиз иқтисодиётини таъминлаш мақсадида ўз ичига бурғилаш, қудуқларни қайта таъмирлаш ва технологик объектларни қуриш бўйича чора-тадбирларни қамраб олади.  

Дастур амалга оширилгандан буён 430 та қудуқ қурилиши якунланди, 328 та мавжуд қудуқ капитал таъмирланди, “Ғарбий” конида блок-модулли компрессор қурилмаси ишга туширилди, “Самонтепа”, “Учқир”, “Алан”, “Зеварда” сиқув компрессор станциялари барпо этилди, шунингдек,  дастур доирасида “Арслон” конида газни комплекс тайёрлаш қурилмаси, “Денгизкўл” ва “Жанубий Тандирча” сиқув компрессор станцияларида қурилиш-монтаж ишлари 
олиб борилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати