«Ўзбекнефтгаз» тизимида ишловчи ходимлар ўртасида 220 та қариндош-уруғчилик муносабатлари аниқланди

«Ўзбекнефтгаз» тизимида ишловчи ходимлар ўртасида 220 та қариндош-уруғчилик муносабатлари аниқланди

«Ўзбекнефтгаз» корхонасида ишловчи ходимлар ўртасида 220 та қариндош-уруғчилик муносабатлари аниқланди, дея хабар бермоқда корхона ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига кўра, жамият таркибидаги корхона ва ташкилотларда комплаенс назорат йўналишида тўғридан-тўғри ва потенциал манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, бартараф этиш ва келгусида олдини олиш, шундай ҳолатларда фаолият юритаётган ходимларни бошқа лавозимларга ўтказиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида корхона тизимида ҳам жуда кўп ҳолатларда қариндош-уруғчилик муносабатлари авж олганлиги, бундай муносабатларнинг бевосита хизмат вазифасига кўра тўғридан-тўғри бўйсунувидаги лавозимларда ҳам учраётганлик холатлари аниқланган. Бу бўйича бошқарув раиси томонидан танқидий муносабат билдирилган.

Мисол учун, бир корхонада фаолият олиб борадиган бош технологнинг 5 та қариндоши қўл остидаги асосий ишлаб чиқариш цехида ишлайдиган бўлса, бошқа бир энергетикнинг 4 та қариндоши қўл остидаги электр таъминот цехида фаолият юритиб келмоқда, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, бир корхона директорининг укаси бўлим бошлиғи лавозимида ишласа, директор ўринбосарининг укаси муҳандис энергетик лавозимида ёки харидлар бўлими бошлиғининг қизи эса мазкур бўлимда моддий техник таъминоти бўйича муҳандис лавозимида ишлаб келаётганлиги каби ҳолатлар аниқланган.

Қайд этилишича, жамиятнинг бошқармалари (завод), корхона ва нефть базаларида ишловчи ходимлар ўртасида 220 та ҳолатда манфаатлар тўқнашувининг асосий омили бўлган қариндош-уруғчилик муносабатлари аниқланган бўлиб, 127 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви бўйича тегишли мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилган.

«Қолган муносабатларни тартибга солиш ва мувофиқлаштириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилинади хабарда.