Ўзини “вилоят ҳокимининг қариндоши” деб таништирган фирибгар яна қамалди

Ўзини “вилоят ҳокимининг қариндоши” деб таништирган фирибгар яна қамалди

Сурхондарёлик Аллиқул Кулиев (исм шарифлар ўзгартирилган) фирибгарликни ҳаддисини олган, кўплаб таниш ва дўстларининг ишончини суиистеъмол қилган, яъни “оёғидан чалган” ўз соҳасининг асларидан бири ҳисобланади. Қонун олдида бир неча маротаба жавоб беришига қарамай, “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек, у қинғир ишларини давом эттирди деб хабар бермоқда — УзA.

Эндиги ҳунари ҳаммасидан ошиб тушди. Автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси қуриш учун ер майдони олмоқчи бўлиб юрган фуқаро А.Н.ни “вилоят ҳокими қариндошим бўлади, шу киши билан гаплашиб, тадбиркорлик фаолиятингизни амалга оширишингиз учун 0.50 гектар ер майдони олиб бераман” деб ўз ёлғонларига ишонтиради. Бунинг учун мансабдор шахсларга пора бериш кераклигини айтиб 170 миллион сўм миқдоридаги пулни олади. Пулларни ҳеч иккиланмай ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Бундан ташқари, Аллиқул Кулиев Термиз шаҳридаги “Азизбек” ресторанига овқатлангани бориб, ресторан раҳбари И.А.нинг ишончини қозонади. Унинг пулларини ҳам фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилади. Унга ўзини йирик тадбиркор сифатида таништириб ресторанда овқатланган пулларни тез кунда тўлаб кетишини айтиб алдайди. Шунингдек, И.А.ни “арзон нархда музқаймоқ ишлаб чиқарадиган аппарат олиб келиб бераман” деб алдаб 2 миллион 100 минг сўм пулини олади. Бу пулларни ҳам ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади. А.И.га жами 3 миллион 310 минг 500 сўмлик моддий зарар етказади.

Судланувчи Аллиқул Кулиев суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам А.Н.дан ҳокимият орқали автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси очиш учун ер майдони олиб бераман деб 68 миллион сўм пул олганини, А.Н. эса 170 миллион сўм берганман, деб туҳмат қилаётганини билдирган.

Бунга сабаб қилиб А.Н.нинг қизи билан яқин муносабатда бўлган вақтда у отасининг пули кўп эканлиги, отасининг пулларини автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси очамиз, деб алдаб олишни таклиф қилганини айтган. А.Н.дан олган пулларининг аксарият қисмини унинг қизига кийим-кечак, уй жиҳозлари олиб беришга сарфлаб юборганини қайд этган.

Даъвогар А.Н.нинг айтишича, Аллиқул Кулиев вилоят ҳокими қариндоши эканлигини, акаси Миллий гвардиянинг бошлиғи, ҳокимнинг қўриқчиси эканлигини айтиб, поччаси вилоят ҳокими орқали исталган жойдан ер олиб беришини, туман ҳокими вилоят ҳокимининг айтганини қилишини айтиб уни ишонтирган.

Аллиқул Кулиев А.Н.га Олтинсой туман ҳокими номидан 2019 йил 5 октябрь куни чиқарилган, қизининг номига 42 сотих ер майдони ажратиш тўғрисидаги Қ-164-сонли сохта қарор нусхасини берган. Шундан сўнг воқеалар янада чигаллашган.

Сурхондарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман суди Шўрчи туман ИИБ биносида мазкур иш юзасидан очиқ сайёр суд ўтказди.

Суд давлат айбловчисининг хулосаси, судланувчининг кўрсатуви, ҳимоячининг ҳимоя фикрини тинглаб, Аллиқул Кулиевнинг айби ўзининг қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, судда сўралган гувоҳларнинг кўрсатувлари ва жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар билан жиноят иши ўз тасдиғини топган, деб ҳисоблайди.

Суд судланувчининг ҳаракатларида жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар йўқ, деб баҳолаб, унинг илгари 6 маротаба жиноят содир этиб судланганидан сўнг, қасддан янги жиноят содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолади.

Барча ҳолатлар чуқур ўрганилиб, суд ўз сўзини айтди.

Суд ҳайъати судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли бандларига асосан жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари тартибида судланувчига Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг 2015 йил 18 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшишлик йўли билан, узил-кесил ўташлик учун 10 (ўн) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва фуқаровий даъвогарлар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн сутка ичида жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериш ёки протест билдиришга ҳақли экани тушунтирилди.