ЎзМТДП депутати Жаҳонгир Зияев: “Ўқувчиларга жамоат транспортида текин юриш ҳуқуқини берайлик!”

ЎзМТДП депутати Жаҳонгир Зияев: “Ўқувчиларга жамоат транспортида текин юриш ҳуқуқини берайлик!”

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун “Ҳоким стипендияси” жорий қилишини маълум қилди.

Ҳозирча унинг миқдори қанчалиги аниқ бўлмаса-да, бу эзгу ташаббус ёшларга мотивация бериши турган гап. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетар экан, менимча, ўқувчиларнинг жамоат транспортида бепул юриш масаласини ҳал қилиш вақти келди. Кўплаб давлатларда ўз фуқароларига шундай ҳуқуқ берилган бир пайтда, келажагимиз эгаларига бундай имкониятни яратмаётганимиз ажабланарли. Масалан, Люксембургликлар учун транспортда юриш бепул. Эстония пойтахти Таллинда эса 2013 йилдан буён одамлардан йўлкира сўралмайди. Швейцария, Австралия, Франция, АҚШ, Хитой, Малайзия… Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бу шаҳарларда тирбандлик муаммосини ҳал қилиш билан бирга, солиқ тўловчилар сонининг кескин кўпайишига ҳам сабаб бўлган экан.

Маълумки, ҳеч қайси давлатда жамоат транспорти ўз харажатларини деярли қопламайди. Соҳа бюджетдан субсидия ёки имтиёзли кредит ажратиш орқали қўллаб-қувватланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Ўқувчилардан йўлкира олганимиз билан барибир план бажарилмас экан, унда фарзандларимизга шундай имкониятни берайлик. Бу билан ёшларимизнинг билимини янада оширишга ҳисса қўшган бўламиз. Чунки қанчадан қанча ўқувчилар қўшимча таълим олиш учун у ёқдан-бу ёққа югуради. Йўлкирани ўйлаб, бораолмаётганлар қанча? Шу ўринда яна бир гап: шаҳар транспортидан бепул фойдаланувчилар рўйхатига ойига 3-4 миллион сўм маош оладиган ички ишлар ходимлари киритилмаган бўлса-да, негадир “кондуктор”лар улардан йўлкира сўрамайди. Аммо пули йўқ ўқувчилар ё автобусдан тушириб юборилади ёки “яхши” гаплар билан сийланади