Озодбек Назарбеков: "Диндан керак бўлса арабларга ўргатган давримиз бўлган. Наҳот ўша пайтларда яшаган санъат, мусиқа бугун ҳаромга чиқиб қолса, 4 та одамни деб"

Озодбек Назарбеков:

"Тошкент беш ташаббус" ҳаракати доирасида ҳукумат вакиллари, вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик фаоллари, блогер ва журналистлар мулоқотлар, маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Тадбирда қатнашаётган Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан ёшларнинг очиқ мулоқоти ўтказилди.

Мулоқотда Озодбек Назарбеков охирги вақтларда кўплаб санъаткорларнинг динни пеш қилиб соҳани тарк этаётгани ҳамда уларнинг санъатни ҳаром деб атаётгани ҳақидаги фикрини сўрашди.

«Динни яхши билмасдан туриб, динни яхши тушунмасдан туриб, жамоат олдига чиқиб, халқ олдига чиқиб, минбардан туриб диндан гапириш учун, кечирасизу мени назаримда, камида 25 йиллик билим олган бўлиш керак. 25 йиллик, камида, энг камида...

Етарли даражада билим олиб, ундан кейин дин номидан гапириш менимча сал ярашади. Лекин ўзи куни кеча умуман бошқа ҳаёт тарзини бошидан кечириб турган одам бир кунда саҳнага чиқиб диндан гапириши ғалатироқ менимча. Лекин, албатта, ҳар бир инсонни эътиқодига аралашишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам ўзи эътиқод қилаётган тушунчани ҳаммага қабул қилдиришга уриниш ҳам сал нотўғрироқ нарса.

Энди бу санъатимизни ҳаром дейиш учун, буни тўғри ёки нотўғри гап эканлигини ажратиб олиш учун жуда катта ақл шарт эмас. Сабаби, агар шу даража мусиқа ёки санъат динимизда ҳаром бўлганида бугунгача етиб келмас эди. Амир Темурни ўзи қириб юборарди.Бизда диний билим уфурган бир даврда санъат қолмаган бўларди. Ўзбекистонни санъати йўқ бўлиб кетган бўларди. Мусиқа санъати мутлақ бугун бизгача келмас эди. Чунки биз яхши биламиз динни дунёга ўргатган давримиз бўлган, нафақат бу бошқа йўналишларда ҳам. Диндан керак бўлса арабларга ўргатган давримиз бўлган. Наҳот ўша пайтларда яшаган санъат, мусиқа бугун ҳаромга чиқиб қолса, 4 та одамни деб. Бу ўша қайсидир маънода динни яхши тушунмаслик, ҳовлиқмаликдан.

Эътиқод, иймонда инсон бир гавҳар топгандек ўзини тутолмай қолади. Шу пайтда сал устозлар билан маслаҳатлашиб иш кўрган тўғри бўлади менимча», дейди вазир.