«Ўзсувтаъминот» Сирдарё ҳокимининг сув таъминоти учун ажратилган 7 млн доллар ўзлаштирилгани ҳақидаги баёнотини рад этди

«Ўзсувтаъминот» Сирдарё ҳокимининг сув таъминоти учун ажратилган 7 млн доллар ўзлаштирилгани ҳақидаги баёнотини рад этди

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев Осиё тараққиёт банки томонидан Ховос туманига сув таъминоти учун ажратилган 7 миллион доллардан ортиқ маблағ талон-торож қилингани ҳақида гапирганди «Ўзсувтаъминот» АЖ мазкур баёнотни рад этиб, пуллар нимага сарфланганини очиқлади.

«126 минг аҳолини сув билан таъминлаш масаласида Ховос туманида Осиё тараққиёт банкидан олинаётган маблағларнинг талон-торож қилингани, буни депутатлар, сиз яхши биласиз, сенаторлар билан учрашувда ҳам бир неча бор муҳокама қилинди. 7 миллион доллардан ортиқ маблағ. Чунки у ерда сифатсиз, бизнинг шўр шароитимизга, тупроқ шароитимизга тўғри келмайдиган сифатсиз қувурлар олиб келиб ўрнатишган», — деган Ғофур Мирзаев 20 декабрь куни вилоят аҳолисига мурожаатида.

«Ўзсувтаъминот» АЖнинг маълум қилишича, 2016 йил 23 август куни Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома расмийлаштирилган.

Шундан сўнг, Халқаро тендер комиссиясининг баённомасига асосан пудратчи сифатида Туркиянинг «Alke Insaat Sanayi ve Ticaret» компанияси ғолиб деб топилган.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жами 7 миллион 310 минг доллар пул ажратилган. Лойиҳа хабарда айтилаётганидек Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 миллион 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 миллион 060 минг доллар ажратилган.

«Ушбу маблағлар талон-торож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган. Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи Мега-Мебико қўшма корхонаси билан биргаликда ‘Сергели’ сув иншоотидан Ховос туманининг ‘Оқчангал’ аҳоли яшаш пунктигача 28 километр масофага диаметри 700 миллиметр бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019 йилнинг июнь ойида тугатилди», — дейилади «Ўзсувтаъминот» баёнотида.

Келтирилишича, бугунги кунда қувурлар сув босимини кўтара олмаётгани туфайли тармоқда бир қанча сизгичлар пайдо бўлган. Бу эса ўз навбатида, аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермаяпти.

Бироқ бугунги кунда қувурлар сув босимини кўтара олмаётгани туфайли тармоқда бир қанча сизгичлар пайдо бўлган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имконини бермаяпти.