Пандемия Осиёда 80 миллион кишининг ўта қашшоқлашиб кетишига сабаб бўлди

Пандемия Осиёда 80 миллион кишининг ўта қашшоқлашиб кетишига сабаб бўлди

Коронавирус пандемияси Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида 80 миллионга яқин кишининг ўта қашшоқлашиб кетишига сабаб бўлди, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги Осиё тараққиёт банки эълон қилган маърузага таяниб.

«Пандемия Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида 75-80 миллион кишининг ўта қашшоқлашиб кетишига олиб келди», — дейилади ҳужжатда. Бу ерда гап кунига 1,9 долларга кун кўраётган одамлар ҳақида бораётгани айтилмоқда.

«2017 йил ҳолатида 203 миллион киши ёки Осиё аҳолисининг   5,2 фоизи ўта қашшоқ кун кўраётган эди. Агар COVID-19 бўлмаганида, ушбу кўрсаткич 2020 йилда 2,6 фоизга камайган бўларди», — дейди маъруза муаллифлари.

«Осиё-Тинч океани минтақаси қашшоқликни қисқартириш борасида  улкан муваффақиятларга эришган эди, лекин пандемия минтақадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни чуқурлаштириб юборди», — дейди ОТБнинг бош иқтисодчиси Ясуюки Савада.