Пекин миллиардерлар сони бўйича Нью-Йоркни ортда қолдириб, «миллиардерлар пойтахти» мақомини қўлга киритди

Пекин миллиардерлар сони бўйича Нью-Йоркни ортда қолдириб, «миллиардерлар пойтахти» мақомини қўлга киритди

Пекин биринчи марта миллиардерлар сони энг кўп бўлган шаҳарга айланди. Бу ҳақда Daily Mail нашрига таяниб, Tengrinews хабар берди.

Forbes’нинг миллиардерлар рўйхатида маълум бўлишича, 2020 йил якунларига кўра, Пекинда 100 нафар миллиардер яшаган, Нью-Йоркдагидан бир нафарга кўп.

Бир йилда Хитой пойтахтида 33 нафар, Нью-Йоркда эса етти нафар янги миллиардер пайдо бўлди. Пекин аҳолиси 21 миллион кишини ташкил этади. Бу кўрсаткич Нью-Йоркникидан (аҳолиси 8,4 миллион киши) 2,5 баробарга кўпроқ.

Пекиннинг энг бой фуқароси TikTok ижтимоий тармоғининг муассиси бўлган ByteDance компаниясининг асосчиси Чжан Имин бўлиб, унинг бойлиги 35,6 миллиард долларга баҳоланди. Нью-Йоркнинг собиқ мэри Майкл Блумберг ўзи истиқомат қиладиган шаҳарнинг энг бой одами ҳисобланади. Унинг бойлиги 59 миллиард долларни ташкил қилади.

Шунингдек, Пекиндан ташқари, энг кўп миллиардерлар истиқомат қиладиган шаҳарлар рўйхатига Хитойнинг яна тўртта шаҳри киритилди. Рўйхатда Гонконг (80 нафар миллиардер) учинчи, Шэньчжэнь (68 нафар миллиардер) бешинчи, Шанхай (64 нафар миллиардер) олтинчи ҳамда Гуанчжоу (47 нафар миллиардер) ўнинчи ўринни банд қилди. АҚШда Нью-Йоркдан бошқа рўйхатга кирган ягона шаҳар Сан-Франциско (48 нафар миллиардер) бўлди, у рўйхатда 8-ўринни эгаллади.

Хабар берилишича, АҚШда бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ миллиардерлар яшайди ва мамлакат аввалгидек 724 нафар миллиардер билан етакчилик қилмоқда. Хитой Гонконг ва Макаони ўз ичига олган ҳолда, 698 нафар миллиардер билан иккинчи ўринда туради. Рўйхатнинг кейинги ўринларини Ҳиндистон (140 нафар миллиардер), Германия (136 нафар миллиардер) ва Россия (117 нафар миллиардер) давлатлари банд қилган.