Pfizer ўзининг COVID-19’га қарши вакцинасини АҚШда соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди

Pfizer ўзининг COVID-19’га қарши вакцинасини АҚШда соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди

Pfizer декабрь ойининг ўрталарида FDA рухсатини олишни кутмоқда ва компания вакцинани дарҳол етказиб беришга тайёр. 2020 йил охиригача Pfizer 25 миллион кишини эмлаш учун мўлжалланган 50 миллион дозадаги вакцинани ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

«Коммерсантъ»нинг хабар беришича, рухсат олинганидан кейин вакцина билан юқори хавф гуруҳидаги одамларни 2020 йил декабрь ойи ўрталарида ёки охирига қадар эмлаш мумкин бўлади. Шунингдек, компания Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ҳам вакцинадан фойдаланишга рухсат олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилмоқчи.

Reuters манбаларига кўра, FDA 8—10 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган йиғилишда Pfizer вакцинасини муҳокама қилмоқчи. Агентликнинг суҳбатдошлари белгилаган саналар ўзгариши мумкинлигини айтган.

Вакцинани соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги сўров FDA’га юборилганлиги ҳақидаги хабардан сўнг, Pfizer акциялари 2 фоизга ўсди. Pfizer билан бирга вакцинани ишлаб чиқаётган Германиянинг BioNTech компанияси акциялари эса 5 фоизга ўсди.

Вакцинанинг нархи бир доза учун 20 доллардан ошмайди. Вакцина барча ёш, ирқ ва миллат учун бир хил. Компаниялар Россияда ҳам вакцинани рўйхатдан ўтказиш учун ариза бермоқчи.