Наманганда поезд ва зил-131 ўзаро тўқнашди

Наманганда поезд ва зил-131 ўзаро тўқнашди

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати хабарига кўра: шу йилнинг 20 февраль куни соат 07.10 ларда Роустон-Тўрақўрғон темир йўл оралиғидаги 82 км. 9-пикетда, Наманган тумани Миришкор МФЙ ҳудудидан ўтган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида Фарғона вилоятида яшовчи 24 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги  Зил-131 русумли юк машинаси ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаслик оқибатида темир йўлда ҳаракатланиб келаётган электропоезд билан тўқнашув содир этган.

Натижада Зил-131 ҳайдовчиси кўкрак қафаси ёпиқ шикасти, ўнг томон қўвурғалари ёпиқ синиши тан жароҳати билан Наманган туман марказий шифохонасига ётқизилган. Электропоезд эса соат 07.48да ҳаракатни давом эттирган. 

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан воқеа содир бўлган ҳудудда ҳайдовчилар иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда ҳайдовчилар ҳушёрликка чақирилиб, келгусида бу каби вазиятларга дуч келмаслик учун темир йўлга яқинлашганда тўҳтаб, поезд бор ёки йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина ҳаракатланиш лозимлиги талаб этилди.

Аксинча бўлса бунданда оғирроқ ҳолатлар келиб чиқиши мумкинлиги борасида ҳам огоҳлантириш берилди.