Порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин

Порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин

Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан маълум қилишларча, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. 

Жиноят кодекси лойиҳасида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноят бу тоифага киритилмоқда. 

Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда. 

Эндиликда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш каби қилмишлар учун 10 йилгача (илгари 5 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда. 

Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. 

Энг асосийси, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 июлдаги фармони билан Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш ҳамда коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.