Президент Бухорода табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан мулоқот қилди

Президент Бухорода табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан мулоқот қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 21 январ, пайшанба куни Бухоро вилоятига келиб, вертолётда Олот туманига йўл олди ва табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, ушбу ташриф ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилги биринчи ташриф бўлиб, у мазкур чекка тумандан бошланмоқда.

Хабарга кўра, 2020 йил 27 апрел куни Бухоро вилоятига жанубдан кучли шамол кириб келган эди. Уй-жойлар, инфратузилма ва экинларга катта зарар етказганди. Давлат раҳбари зудлик билан у ерга етиб бориб, табиий офат оқибатларини бартараф қилиш, турар жойлар ва ижтимоий объектларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берганди.Бу галги сафар чоғида Президент вертолётда ушбу ишлар қамровини кўздан кечирган.

Хусусан, Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку ва Шофиркон туманларида 45 мингта уй, 204 та кўп қаватли турар жой таъмирланган. Мингдан ортиқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари, йўллар, электр, газ ва алоқа тармоқлари тикланган.

«Айни пайтда давлат раҳбари шу ерлик аҳоли билан мулоқот қилмоқда», дейилади хабарда.


Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрган.