«Президент давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялашни тезлаштиришни топширди» — Акмал Бурҳонов

«Президент давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялашни тезлаштиришни топширди» — Акмал Бурҳонов

Давлат хизматчиларининг мол-мулклари ва даромадларини декларациялаш ҳақидаги қонун лойиҳаси тез орада жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 26 май кунги матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар берди «Gazeta.uz».

«Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Биз буни жамоатчилик муҳокамасига қўйишни режалаштирганмиз. Лойиҳа халқаро ва хорижий экспертлар таклифлари асосида ишлаб чиқилган. Қандай босқичдалигига келсак, ҳозир ушбу қонун қабул қилинганидан кейин самарали ва тўғридан-тўғри ишлаши учун чоралар кўриляпти», — деган у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори даромадларни декларациялаш тизимини жорий этиш учун «сиёсий ирода борлигини» таъкидлади.

«Яъни тизим яратиш устида ишлар олиб бориляпти. Бу борада ишлар тўхтамаган. Жорий қилинади. Сиёсий ирода бор, давлат раҳбари томонидан декларациялаш тизимини тезлаштириш масаласи қўйилган. Бу ерда техник масалалар турибди, яъни қонун қабул қилиниши билан тизим ишлаб кетиши керак», — деган Акмал Бурҳонов.

Унинг сўзларига кўра, айнан ким мол-мулки ва даромади декларация қилиши масаласи муҳокама қилинмоқда.

«Масаланинг иккинчи томони ҳам бор — кимларнинг мол-мулки ва даромади декларация қилинади. Биз халқаро тажрибани кўрганимизда (давлат хизматчисининг) фақат ўзи ва турмуш ўртоғи, қайсидир давлатларда фарзандлари ҳам бор. Бизда ҳозир менталитетимиздан келиб чиқиб, қайнота-қайнонаси, керак бўлса қайнукасининг мол-мулклари ва даромадларини ҳам декларация қилиш керак, деган фикрлар тушмоқда», — деган агентлик раҳбари.

Шу билан бирга, мулк дахлсизлиги масаласини ҳам ҳисобга олиш лозимлигини таъкидлаган.

«Ҳалол инсонлар ҳам бор. Масалан, нега ҳалол инсонлар нега куёви ёки қайнотаси учун мулкини ҳаммага очиқлаши керак? Шундай масала ҳам бор. Бу ҳам кўриб чиқилмоқда. Ўйлайманки, яқин кунларда давлат хизматчиларининг мол-мулклари ва даромадларини декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади», — деб маълум қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги амалдорларнинг даромадлари декларация қилинишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг барчаси даромадлари ва харажатларини декларациялаш назарда тутилган.