Президент экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратишга қарор қилди

Президент экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратишга қарор қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

– Саноат корхоналари бошқарув тизимида муаммолар бор. Маҳсулотлар таннархини тушириш керак. Бу рақобат муҳитини яратишнинг муҳим асосидир, – дея таъкидлади Президент.

Йиғилишда ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугун экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича фармонни имзоладим. Энди бундай корхоналар учун янги ташкил қилинаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қўшимча маблағлар ажратилади. Шу мақсадда жамғармага 100 миллион доллар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларни ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш учун корхоналарнинг айланма маблағларига йўналтирилади, – деди Шавкат Мирзиёев.