Президент фармони билан яна бир агентлик тугатилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонни имзолади, деб хабар беради ЎзА.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Фармон билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Бунда, мувофиқликни декларациялаш техник регламент талаблари асосида маҳсулотнинг тўлиқ синовлари ўтказилгандан сўнг ижобий синов натижаларига кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади.

Халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилинган Ўзбекистон резидентлари — мувофиқликни баҳолаш органларига миллий аккредитациядан ўтмаган ҳолда, аккредитация доираси ҳақида «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДКни хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга рухсат берилади. Бунда, расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш ҳужжатларида ILAC/IAF ташкилотларининг тан олиш белгилари кўрсатилиши ва ушбу ҳужжатлар уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан таъминланиши шарт.

2021 йил 1 ноябридан:

  • хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади;
  • хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистоннинг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда йигирма тўрт ой давомида импорт қилишга рухсат этилади;
  • республикага олиб келинадиган маҳсулотларнинг техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан назорат Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилот томонидан хавф-хатарлар таҳлили асосида амалга оширилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ташкилот стандартларини экспертизадан ўтказиш ишлари ҳақ олмасдан амалга оширади.

Маҳаллий мувофиқликни баҳолаш органларида маҳсулотнинг хорижий давлатларнинг стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун хорижий давлатлар стандартларининг Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинмайди.

1 сентябрдан бошлаб техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги жазо чоралари тайинланади:

  • юридик шахсларга — реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50 дан 100 фоизигача;
  • мансабдор шахсларга — БҲМнинг 40 дан 80 бараваригача (9,8 миллиондан 19,6 миллион сўмгача) жарима.

Бунда, қонунчилик ҳужжатлари ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар эркин муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши лозим. Молиявий жариманинг тўланиши мазкур талабнинг бажарилишидан озод этмайди.