Президент Ғалаба боғидаги Шон-шараф музейини кўздан кечирди

Президент Ғалаба боғидаги Шон-шараф музейини кўздан кечирди

Шон-шараф музейида шонли тарих ўз ифодасини топган. Тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган.

Шавкат Мирзиёев музей экспозицияси билан танишди. Бу ердаги экспонатлар Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага катта ҳисса қўшган халқимизнинг жасоратини тараннум этишга, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади.

- Бу музейнинг пайдо бўлиши адолатнинг тикланиши демакдир. Тарихимизнинг бир қисми бўлган уруш воқеаларини бир жойда намоён этадиган бундай маскан йўқ эди. Бу ишлардан мақсад-муддаоимиз - халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган буюк ҳиссасини тарихга муҳрлаб қўйиш, ёш авлодларга етказиш. Юз йиллардан кейин ҳам одамлар келиб, уруш воқеалари ва оқибатларини, тинчлик қадрини билиши керак, - деди Президент.

Музей олтита бўлимдан иборат бўлиб, 1-бўлимда республикамиз аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши, жанг майдонларидаги жасорати акс эттирилган. Иккинчи бўлим “Ўзбекистон – фронт учун ишончли таянч қўрғони” деб номланган. Кейинги бўлимда уруш йилларида юртимиздаги илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳалари намойиш этилган. 4-бўлим “Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги” деб аталган бўлса, навбатдаги шўъбада уруш йилларидаги бадиий адабиёт, санъат ва матбуот ҳақида ҳикоя қилинган. «Мардлар жасорати мангу яшайди» номли 6-бўлимдан 33 жилдлик «Хотира» китоби, шунингдек, байрам муносабати билан нашр

Шавкат Мирзиёев Шон-шараф музейида ҳар бир қўмондонликнинг ўз жойи бўлиши, илмий тадқиқотлар ўтказиб, уларнинг экспозицияларини тўлдириб бориши зарурлигини таъкидлади. Ҳарбий хизматчи ва курсантларни, ёшларни бу ерга олиб келиб, уларда мардлик, фидойилик руҳини шакллантириш бўйича тавсиялар берди.