Президент карантинни юмшатиш борасида муҳим қадамларни таклиф этди

Президент карантинни юмшатиш борасида муҳим қадамларни таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди

Йиғилишда Президент республикамизда санитар-эпидемиологик вазият аста-секин барқарорлашиб бораётганини ҳисобга олиб, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, карантиндан босқичма-босқич чиқиш бўйича навбатдаги қадамларни қўйиш вақти келганини таъкидлади.

"Биринчидан, санитария-эпидемиология ҳолатининг ижобий динамикаси, об-ҳаво шароити ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатларини инобатга олган ҳолда, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовли ва ҳудудларида ота-оналар ҳамроҳлигида болаларини сайр қилдиришга рухсат бериш керак. Бунда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ушбу топшириқнинг ижросини сўзсиз таъминлаш чорасини кўрсин.

Иккинчидан, пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш учун вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат бериш лозим.

Мисол учун, илгари Фарғона водийсидан Қамчиқ довони орқали пойтахтимиз ва бошқа вилоятларга катта ҳажмда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилар эди. Ҳозир бу йўл ёпиб қўйилган. Ёки Самарқанд вилоятидан Қорақалпоғистон Республикаси, Зарафшон шаҳри ва бошқа ҳудудларга кўплаб маҳсулотлар олиб борилар эди. Бу ишлар ҳам ҳозир тўхтаб турибди. Шунинг учун Бош прокурор бошчилигидаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комиссиясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларга етказиб бериш бўйича 24 соат ишлайдиган узлуксиз тизим ташкил этиш топширилади.

Ички ишлар вазирлиги деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситаларини ҳудудлараро постларда кутиб олиш, уларни ташкил этилган ярмаркалар ва савдо нуқталарига тартиб билан кузатиб боришни таъминласин.

Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги сотиш учун олиб келинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларда аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, савдо майдончалари, ярмарка ва бозорларга йўналтириб борсин.

Учинчидан, аҳоли орасида касалликка чалиниш динамикаси пасайиб бораётганини инобатга олиб, фуқароларимиз томонидан шахсий автотранспортдан фойдаланишга чекловларни ҳам секин-аста юмшатиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Республика комиссияси тегишли чекловлар ўрнатилган ҳудудларда аҳоли томонидан эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача ҳамда кечқурун 17:00 дан 20:00 гача шахсий автомашиналардан фойдаланишга рухсат берилишини таъминласин.

Бунда:

шахсий автотранспортдан, биринчи навбатда, фуқароларимизнинг иш жойига, тиббиёт муассасаларига бориши ва уйига қайтиши, истеъмол маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмларни харид қилиши учун фойдаланиши;

махсус рухсатномаларга (стикерларга) эга ва етказиб бериш хизматини кўрсатаётган фуқаролар эса шахсий автотранспортда ҳеч қандай чекловсиз ҳаракатланиши мумкинлиги белгилансин.

Шу билан бирга, ҳурматли олимларимизга, илмий-тадқиқот институтлари ходимларига, профессор-ўқитувчиларимизга санитария-гигиена нормаларини таъминлаган ҳолда ўз лаборатория ва кафедраларида кундалик ишларини давом эттиришларига ижозат бериш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Улар илмий ва ўқув жараёнларини ташкил этишга аста-секин тайёргарлик кўриб боришларига, мен ўйлайман, вақт беришимиз керак.

Албатта, вазиятимиз яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин биз карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларимизни янада дадилроқ давом эттирамиз", деди Президент.