Президент Ўзбекистонда қанча одам камбағаллигини тан олди

Президент Ўзбекистонда қанча одам камбағаллигини тан олди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Камбағаллик юртимизда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади. Зарур инфратузилма яратиш учун Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилади. Ушбу лойиҳа ўзини оқласа, иккинчи ярим йилликда яна қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда расман иш билан банд бўлмаган 1 миллион 400 мингга яқин аёллар ва ёшлар бор. Хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 13 фоиз, ёшларда эса 15 фоизни ташкил этмоқда. Фарғона, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бу кўрсаткич юқори.

Шу билан бирга, бугунги кунда қурилишда 104 минг, коммунал соҳада 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 68 минг, енгил саноатда 46 минг нафар мутахассисга эҳтиёж мавжуд.