Президент ўзи ёзган китобга изоҳ берди: «Ўтган беш йилда катта тажриба орттирдик»

Президент ўзи ёзган китобга изоҳ берди: «Ўтган беш йилда катта тажриба орттирдик»

Айни вақтда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съезди бўлиб ўтмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу қурултой давомида ўзининг янги китоби — «Янги Ўзбекистон стратегияси» ҳақида гапирди.

— Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: биз ўтган беш йилда катта тажриба орттирдик. Халқимиз бизга ишонди ва инонди.

Айни вақтда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутмоқда.

Халқимизнинг ана шундай ишончи ва орзу-ниятлари, эзгу умидларини рўёбга чиқариш мақсадида:

  • юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш;
  • фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш;
  • халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтириш;
  • Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш;
  • камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш;
  • мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик.

Бугун сизларга тақдим этилган шу номли китобда, ушбу Стратегиянинг устувор йўналишлари ҳақида, батафсил фикр юритилган, — деди Шавкат Мирзиёев.