Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент қарори асосида жорий этилган моддий ёрдам кимларга берилади?
27.05.2022 13:26,  
220

Фуқаролардан тушаётган ҳуқуқий саволларга Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева жавоб берди.

– Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши ҳақида Президент қарори қабул қилинди. Ушбу моддий ёрдам кимларга тўланади? 

– Ҳақиқатан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 майда “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

Қарорга кўра, ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларни парваришлаш нафақасини олувчиларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. 

Бунда ҳудудлар инобатга олинади. Яъни, моддий ёрдам миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўм, Тошкент шаҳрида эса 400 минг сўм қилиб белгиланди. 

Шунингдек, қарорда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан тўланаши белгиланди. 

Уйида вақтинча бўлмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра бир марталик моддий ёрдам пулини ўз вақтида олмаган фуқаролар уни 2022 йил 1 сентябргача олиш ҳуқуқига эга. 

– 2021 йил декабрь ойида фарзандимга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олганман. Унда фарзандимнинг исми нотўғри ёзилган экан. Хатони тўғрилатадиган бўлсам яна давлат божи тўлайманми?  

– Бундай ҳолатда давлат божи тўланмайди. 

Аниқроқ айтганда, “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига асосан, жисмоний шахслар – туғилиш, ўлим қайд этилганлиги учун, уларга фарзандликка олинган, оталик белгиланган, жинси ўзгартирилган ҳолларида, шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш чоғида йўл қўйилган хатолар муносабати билан туғилганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ёзувлари ўзгартирилган, тўлдирилган ва тузатилган тақдирда гувоҳномалар берганлик учун давлат божи ундирилмайди. 

– Турмуш ўртоғим ажрашиш учун судга ариза топширган. Лекин мен ҳомиладорман. Боқувчим йўқ. Ушбу ҳолда бизни ажратиб юбора олишадими?  

– Оила кодексининг 39-моддасига мувофиқ, хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ этилади.

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади. Агар ариза қабул қилинган бўлса, суд Фуқаролик процессуцал кодекси талабларига асосан уни  кўрмасдан қолдиради. 

– Ҳозирда сотиб олинган товарларнинг чеклари мобил илова орқали рўйхатдан ўтказилса 1 фоизи қайтарилмоқда. Лекин айрим ҳолатда чекларни рўйхатдан ўтказиб бўлмаяпти. Қандай чеклар рўйхатдан ўтказилмайди? 

– 2022 йил 12 майда қабул қилинган “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида харид чекини рўйхатдан ўтказиш тартиблари белгилаб қўйилган. 

Унга кўра, қуйидаги чеклар солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилмайди: берилган кундан бошлаб 10 кун ўтган чеклар; аввал рўйхатдан ўтказилган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтарилган чеклар; автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олиш натижасида олинган, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов чеклари; шубҳали харидорлар реестрига киритилган жисмоний шахслар чеклари.  

– Танишларимдан бири оилавий сирларимни қасддан тарқатмоқда. Ушбу ҳолатда нима қилишим лозим? Бу каби ҳаракатлар учун жавобгарлик мавжудми? 

– Шахснинг оилавий сирини унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатган шахсга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.  

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, 10 млн 800 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади. 

Ушбу ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс яна шундай ҳаракатни амалга оширса, Жиноят кодексига мувофиқ жазоланади. 

Бундай ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш мумкин. 

– Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланма бериш бўйича давлат хизматлари марказларига мурожаат этса бўладими? 

– Ҳукумат қарори билан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. 

Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар фақат ДХМ ёки ЙИДХП орқали берилади. 

– Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш давлат хизматидан фойдаланиш муддатлари узайтирилганми? 

– Ҳа, узайтирилди. Жорий йил 12 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни алмаштириш муддатини 2023 йилнинг апрель-декабрь ойларигача узайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. 

– Тошкент шаҳрида яшайман. Яқинда отам вафот этди. Дафн этиш мақасадида қабристонга тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган QR-кодли маълумотномани тақдим этсам, ўлим ҳақидаги гувоҳномани тақдим этишимни сўради. Шу ҳақида маълумот берсангиз? 

– Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 89-сон қарори билан Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.  

Ушбу қарор билан ўлим ҳақида тиббий маълумотнома бериш, ўлимни қайд қилиш, вафот этган шахсни дафн қилиш учун қабристонга маълумотнома бериш ва дафн этиш учун нафақа бериш бўйича композит давлат хизматлари 2022 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳрида жорий этилди. 

Регламентга асосан соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон тизим орқали ўлим ҳақида тиббий маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилди. 

Бунда, тиббиёт муассасалари вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон тизимига киритади ва автоматик равишда ўлим ҳақида далолатнома ёзувини қайд қилиш учун ФҲДЁ бўлимига юборади. 

Тиббиёт муассасасидан ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома келиб тушиши билан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали ўлим ҳақида далолатнома ёзуви автоматик равишда қайд этилади ва ўлим ҳақидаги QR-кодли маълумотнома тиббиёт муассасасига электрон шаклда юборилади 

Турли хил бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотномалар ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилди ҳамда ушбу маълумотномаларни давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш тақиқланди. 

Қайд этиш керакки, мазкур хизмат 2022 йил 1 июлдан бутун республика ҳудудида жорий этилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан