5 июлдан 5 сентябрга қадар Ўзбекистонда “ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” эълон қилинди. Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ўтган видеоселектор йиғилишида бу ҳақда маълум қилинди.
Видеоселекторда мутасадди ва жойлардаги раҳбарлар жам бўлгани боис айни кунлардаги яна бир долзарб масала – ғўза парвариши билан боғлиқ чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди.
Бу йил об-ҳавонинг қуруқ ва салқин келиши сабабли ғўза ривожи 10-15 кунга, баъзи жойларда 20-25 кунга кечиккани қайд этилди. Ғўза парваришидаги қолоқликни бартараф этиш, кафолатланган ҳосил яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бу йил давлат томонидан олдинги йилларда бўлмаган барча шароитлар яратиб берилди, энди фермерлар ҳам шунга яраша жавоб қилиши керак. Олдингидек режанинг ортидан қувиб, даромадни ўйламайдиган, ҳисоб-китобсиз иш қиладиган фермер бизга керак эмас. Пахта бизга режани бажариш учун эмас, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадани ошириш, турмуш даражасини яхшилаш учун керак, деди Президент.
Йиғилишда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.