Президент шу ҳафта Япония етакчиси ва МО давлатлари раҳбарлари билан мулоқот қилади

Президент шу ҳафта Япония етакчиси ва МО давлатлари раҳбарлари билан мулоқот қилади

Бу ҳақда душанба куни ўтказилган брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳафта давомида давлат раҳбари иштирокида иккита тақдимот ва бир видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтади.

«Бугун давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот ўтказилади. Шунингдек, ҳафта давомида соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш жараёнлари ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ўтказилиши мўлжалланган», — деди Шерзод Асадов.

Шавкат Мирзиёевнинг шу ҳафтадаги иш режасидан Япония етакчиси ва минтақа мамлакатлари раҳбарлари билан мулоқот қилиш ҳам ўрин олган.

Қолаверса, Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарор қабул қилиниши ҳам кутилмоқда.