Президент устидан Германия прокуратурасига шикоят тушди

Президент устидан Германия прокуратурасига шикоят тушди

Белоруссия президенти Александр Лукашенко немис адвокатларининг уни инсониятга қарши жиноятда айблаб Германия Бош прокуратурасига мурожаат этганини танқид қилди. Давлатга қарашли БелТА агентлиги хабарига кўра, Лукашенко ушбу мурожаатни “аҳмоқона ва бир лаҳзалик сиёсат” деб атаган. 

“Улар мени суд қилармиш... Кимсизлар ўзи мени суд қилгани?” – деди Белоруссия президенти.

У шикоят айнан Германияда берилганини алоҳида танқид остига олди ва мазкур мамлакатнинг ўтмишига ишора қилиб шундай деди: “Британияда беришсин эди, Америкадами, Франсиядами, улар коалицияда бўлган. Лекин фашизмнинг меросхўрлари эмас-да”. Лукашенко Иккинчи жаҳон урушида ва фашизмга қарши курашда кўплаб белоруссияликлар ҳалок бўлганини таъкидлаб ўтди.

Маълум бўлишича, 5 май куни тўрт нафар немис адвокати Германия Бош прокуратурасига мурожаат қилган. Улар Белоруссияда 2020 йилнинг августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейин норозилик намойишлари қатнашчиларига нисбатан зўравонлик қўлланганини ва инсониятга қарши жиноятлар содир этилганини айтмоқда. Адвокатлар қийноққа солинган белоруссияликлар номидан ҳаракат қилмоқда.

Адвокатларнинг фикрича, Белоруссияда намойишчиларга нисбатан ортиқча куч қўллагани учун на Лукашенко, на куч тизимларнинг жавобгарликка тортилиш эҳтимоли йўқ. Улар Германияни ушбу ҳолатлар бўйича мустақил текширув ўтказишга чақирмоқда. Шунингдек, адвокатлар бошқа давлат ҳудудида содир этилган ва халқаро ҳуқуқда тақиқланган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш бўйича универсал юрисдиксияга таянишаётганини таъкидлашмоқда. 

Белоруссияликлар қийноққа солиниш, овқат ва уйқудан маҳрум қилиниш, таҳқирланиш ва камсилитишдан шикоят қилиб, буларнинг оқибатида соғлиқларига зарар етганини айтишган.