Президентликка аёл-номзод ўз дастурини эълон қилди

Президентликка аёл-номзод ўз дастурини эълон қилди

ХДП делегатлари президентлик сайлови учун Мақсуда Ворисова номзодини қўллаб-қувватлади. Дастурда 5 йил ичида камбағалларнинг улушини камида 2 баробар қисқартириш, бой ва камбағал аҳоли гуруҳлари ўртасидаги фарқни камайтириш ва бошқа вазифалар ўрин олган.

Айни пайтда Халқ демократик партиясининг Қурултойи ўтказилмоқда. Унда делегатлар ХДПдан Ўзбекистон президентлигига номзод Мақсуда Ворисова номзодини қўллаб-қувватлади.

Қурултойда Мақсуда Ворисова сайловолди дастури билан таништирди. Унда 9 та йўналиш бўйича мақсад ва вазифалар илгари сурилди. 

Унга кўра, ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлмоғи керак.

“Президент сайлови кампаниясида “Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи”, деган бош шиор остида ғалаба учун курашамиз”, - деди аёл-номзод.

Қуйидагилар Мақсуда Ворисованинг устувор вазифалари ҳисобланади:

—  Келгуси 5 йилликда камбағал аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш, 2030 йилга қадар фуқароларнинг ўта камбағал ҳолатда кун кечиришига барҳам бериш бўйича чораларни кўриш зарур.
—  Стратегик аҳамиятга эга корхоналарда давлат улушини 50 фоиздан кам бўлмаган ҳолда сақлаш, аҳоли иш ўринлари ва даромадларини кафолатлаш, иқтисодиётда мувозанатни таъминлашга асос бўлади.
—  Мамлакатда бой ва камбағал аҳоли гуруҳлари ўртасидаги фарқ ошиб бормоқда. Бугунги кунда ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш жуда долзарб масаладир. Мамлакатдаги иқтисодий ресурслар бир ҳовуч одамлар қўлида тўпланиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу ресурсларда ҳар бир фуқаронинг ҳаққи, улуши бор. Дастуримда бу йўналишда “Иқтисодий ресурслар – барча учун!” деган қатъий позицияни илгари сураман! “Ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ҳамда тарифлари белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги зарур. 
—  Олис ва чекка ҳудудларда ўқитувчиларга эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ ўқитувчиси” дастури амалга оширилади. Мутахассисларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими қонунчилик асосида мустаҳкамланади.
—  Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик ва шерикчиликни фаол ривожлантириш, яхши қўшничилик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор халқаро сиёсат юритиш тарафдоримиз.