Профилактика инспекторини кафеда дўппослаган шахслар қамоққа олинди

Профилактика инспекторини кафеда дўппослаган шахслар қамоққа олинди

2020 йилнинг 29 ноябр куни тунги соат 01:00ларда Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ навбатчилик қисмининг Баҳор маҳалласи Тошкент йўли кўчасида жойлашган “Сафина” номли кафеда жанжал бўлаётганлиги ҳақидаги хабарига асосан, ушбу маҳалла профилактика инспектори воқеа жойига етиб борган. 

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, профилактика инспектори Гулистон шаҳар ИИО ФМБда маъмурий назоратда турувчи, “Сафина” кафеси иш юритувчиси бўлиб ишловчи фуқаро Д.С. ҳамда уч нафар нотаниш шахс биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирганлигини кўриб, маъмурий назорат остида турган Д.С.нинг маъмурий назорат қоидаларини бузиб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирганлиги сабабли улар ўтирган жойни ўзининг телефон аппарати билан фотосуратга олиб, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштириш учун уларга 3-сонли ИИБга боришни таклиф қилган.

Шу вақтда, унинг олдига маст ҳолатда бўлган фуқаро К.Л. ҳамда маъмурий назорат остида бўлган Д.С. келиб, биргаликда ходимга нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, иккаласи профилактика инспекторининг бош, юз қисми ва баданининг турли жойларига уриб-тепиб тан жароҳати етказишган ҳамда профилактика инспекторининг телефон аппаратини олиб, ерга уриб синдириб, яроқсиз ҳолатга келтиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси томонидан фуқаролар К.Л. ва Д.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида қамоққа олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.