Путиннинг ҳарбий жиноятчи сифатида маҳкамага тортилиши қанчалик ҳақиқатга яқин?

Путиннинг ҳарбий жиноятчи сифатида маҳкамага тортилиши қанчалик ҳақиқатга яқин?

Кейинги пайтларда бир қатор Ғарб давлатлари раҳбарлари Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб киришга буйруқ бергани учун ҳарбий жиноятчи сифатида маҳкамага тортишни талаб қилмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Sky News телеканалига берган интервьюсида бу талаб нечоғли ҳақиқатга яқин эканига ойдинлик киритди.

Телеканал бошловчисининг «Путин ҳарбий жиноятчи сифатида судда жавоб беришидан хавотирланадими?» деган саволига жавоб берган Песков «Йўқ, бунинг ҳеч қандай эҳтимолини кўрмаяпмиз», – деб таъкидлаган.

Жорий йил 24 февраль куни Россия қўшини Украина ҳудудига бостириб киргач, коллектив Ғарб Кремлга нисбатан кенг кўламли молиявий-иқтисодий жазо чоралари жорий этди. Америка президенти Жо Байден эса Россия раҳбарини ҳарбий жиноятчи деб атади.

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Spiegel нашрига берган интервьюсида Россия президенти В.Путин ҳамда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳарбий жиноятлари учун маҳкама қаршисида жавоб бериши кераклигини таъкидлади. Германия етакчиси россиялик ҳамкасбини «уруш оловини ёқаётган бункердаги шахс» деб атаган.