Қабул жараёнлари билан боғлиқ долзарб масалалар ҳақида муҳим маълумотлар берилди

Қабул жараёнлари билан боғлиқ долзарб масалалар ҳақида муҳим маълумотлар берилди

Бугун АОКАда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Бекзод Тошпўлатов иштирокидаги брифингда бу борада батафсил маълумот берилди.

Қайд этилишича, абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилди.

Бунда абитуриент устуворлик сифатида:

Давлат грантини танласа - танлаган барча таълим йўналишларида дастлаб давлат гранти, сўнгра тўлов-контракт асосида;

Давлат гранти ва тўлов-контрактни танласа - олдинги йиллардаги каби ҳар бир таълим йўналишида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида кетма-кет танловда иштирок этади.

Абитуриентларни рўйхатга олиш 20 июнь куни бошланган бўлиб, ҳозирда абитуриентлар my.dtm.uz сайти орқали телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларни киритишлари, шунингдек, имтиёзлари мавжуд бўлса, уларни текширишлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.

Давлат тест маркази томонидан «Олий таълим муассасаларига кириш учун онлайн рўйхатдан ўтиш бўйича видеоқўлланма» ишлаб чиқилиб, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинган. Абитуриентлар мазкур видеоқўлланма билан танишиб, рўйхатдан ўтишнинг барча босқичлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Президент қарорида Давлат комиссияси томонидан 2021/2022 ўқув йили учун:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмаларига биноан соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ветеринария, тиббий-ижтимоий хизматлар соҳаларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрларининг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимоти;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида давлат буюртмаси параметрларини таълим тилларига қараб тақсимоти тасдиқланиши белгиланган.

Мақсадли қабул параметрлари ва давлат буюртмаси параметрларининг тиллар кесимидаги тақсимоти Давлат комиссияси томонидан тасдиқланганидан сўнг Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайтида 1 кун давомида техник ишлар олиб борилиб (олдиндан эълон қилинган ҳолда), қабул параметрлари тизимга киритилади.

Шундан сўнг абитуриентлар таълим йўналишларини танлашлари мумкин бўлади ва бу ҳақида Давлат тест марказининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.

Жорий йилги қабул жараёнларига оид муҳим масалалардан бири 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим соҳаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.

Яна бир муҳим жиҳат 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Бевосита тест синовларига тайёргарлик ҳолатларига тўхталадиган бўлсак, юртимизда эпидемиологик вазият давом этаётганлигини инобатга олган ҳолда, Давлат тест маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2 хил сценарий устида иш олиб борилмоқда.

1. Тест синовларини анъанавий шаклда катта сиғимли биноларда ўтказиш.

2. Пандемия шароитида тест синовларини 2020 йилдаги каби очиқ майдонларда ўтказиш.

Бунинг учун тест синови ўтказиладиган жойлар танланиб, режа-чизмалари ва дислокациялари тайёрланди. 46 830 нафар абитуриент учун мўлжалланган 96 та катта сиғимли ёпиқ бино, 59 040 нафар абитуриентга мўлжалланган 65 та стадион ва хиёбон шулар жумласидандир.

Тест синовлари ўтказиладиган катта сиғимли бинолар ва очиқ майдонлар рўйхати Давлат комиссиясига киритилди.