“Қамчиқ” довонида пахта ортилган юк машинаси ёниб кетди (ВИДЕО)

“Қамчиқ” довонида пахта ортилган юк машинаси ёниб кетди (ВИДЕО)

ФВВ қутқарувчилари “Қамчиқ” довонида ЙТҲ оқибатида пайдо бўлган ёнғинни бартараф этдилар.

Ҳодиса бугун, 8 июль куни эрталаб соат 07:00 лар атрофида, “Тошкент-Ўш” халқаро автомобиль йўлининг 242-километрида содир бўлган. “Қамчиқ” довони орқали ҳаракатланаётган пахта толаси ортилган юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиш натижасида қарама-қарши йўлга чиқиб кетган. Оқибатда юк машинаси ёниб кетган.

Қувонарлиси, машина ҳайдовчиси салондан чиқиб кетишга муваффақ бўлган ва шу сабабли жиддий жароҳат олмаган. ФВВнинг “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, бир неча дақиқада ёнғинни бартараф этдилар. ФВВ қутқарувчиларининг тезкор ҳаракатлари натижасида машинага ортилган юкларнинг катта қисми ёнғиндан сақланиб қолинган. Ҳодиса натижасида жабрланганлар йўқ.