Қарс икки қўлдан: энди навбат судьялар ва суд ходимларига...

Қарс икки қўлдан: энди навбат судьялар ва суд ходимларига...

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар учун икки ҳафталик махсус ўқув курси ташкил этганидан хабарингиз бор. Ўшандаёқ ўқув-курслари икки қисмдан иборат бўлиши маълум қилинганди. 

Биринчи босқичда ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган журналист ва блогерларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш, хусусан, суд процессларини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари  ҳақида фикр алмашилди, баҳс-мунозара қилинди. Ўқув-курслари якунида иштирокчиларга “Суд ва оммавий ахборот воситалари ўртасида конструктив мулоқот” қўлланма ва сертификатлар тақдим  этилганди.

Мана, навбат судья ва суд ходимларига келди.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, кеча, 22 февраль санасидан бошлаб “Суд ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив мулоқот” мавзуидаги ўқув курсларининг иккинчи босқичи бошланди.

Бир ҳафтага мўлжалланган ўқув-курсларида судьялар ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош консультантлари иштирок этяпти. Илк машғулотда асосан Олий суд Пленумининг Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”гиқарори мазмун-моҳияти хусусида сўз борди. 

Ўқув-курслари давомида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш самарадорлигини оширишда матбуот хизматларининг ўрни ва роли, суд процессларида мулоқот психологияси , ахборот беришнинг ҳуқуқий асослари ва журналистлар билан мулоқотнинг асосий қоидалари мавзуларида сўз юриталади. Ўқув-машғулотлари бевосита ва билвосита (онлайн) шаклида бўлиб ўтмоқда.