Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилди

Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилди

“Қарши давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (141-сон, 16.03.2021 й) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ҳамда Қарши давлат университетининг педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилди

Педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш ва бошқалар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.  

Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши давлат университетда педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва уларнинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу бакалавриат таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар университетда таълим жараёнини давом эттирадилар.

Институтга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика ОТМларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.