Қаршида ўқитувчиси пора талаб қилган талаба ўзини осгани айтилмоқда

Қаршида ўқитувчиси пора талаб қилган талаба ўзини осгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда «Талаба ўз жонига қасд қилди» сарлавҳали хабарлар тарқалмоқда.

Унда Қарши давлат университетининг физика-математика факультетида тўлов-контракт асосида иккинчи курсда таҳсил олаётган талаба ўзини осиб қўйганлиги ҳақида билдирилган.

Бош прокуратура Матбуот котибининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, 2021 йил 27 февраль куни жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, хабарда талаба қишки сессия имтиҳонларидан ўтолмаганлиги ва унинг имтиҳондан ўтиши учун ўқитувчи катта миқдорда пора талаб қилганлиги кўрсатилган ва айнан шу ҳолат марҳумнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган деган тахмин илгари сурилган.

Шунга кўра, мазкур важни ўрганиш мақсадида Қарши тумани прокуратураси томонидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Натижалари ҳақида қўшимча хабар қилинади.