Кеча, 5 июнь куни ижтимоий тармоқларда «Москва-Қарши-Москва» йўналиши бўйича парвознинг кечиккани ва йўловчилар иссиқда самолёт ичида бир неча соат ўтиргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълум қилинишича, самолёт Россиянинг «Royal Flight» авиакомпаниясига тегишли бўлган. У 5 июнь куни соат 15:30 парвоз қилиши лозим эди. Йўловчилар бортга чиқарилгандан сўнг, самолёт двигателлари ишламай қолган. Бунга об-ҳаво шароити, яъни ҳаво ҳароратининг 44°дан юқори бўлиши сабаб бўлган. Оқибатда йўловчилар бир неча соат иссиқда қолиб кетган.
Шундан сўнг, ушбу парвозни тунги вақтда амалга ошириш қарори қабул қилиниб, йўловчилар бортни тарк этишган. Йўловчиларнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабар келиб тушмаган. Самолёт 6 июнь куни соат 04:54 да Москвага учган.