Қашқадарё ҳокимлиги пандемия даврида вафот этган 27 нафар тиббиёт ходимининг исм-шарифларини эълон қилди

Қашқадарё ҳокимлиги пандемия даврида вафот этган 27 нафар тиббиёт ходимининг исм-шарифларини эълон қилди

Пандемия даврида вафот этган 27 нафар тиббиёт ходими — 21 нафар шифокор ва 6 нафар ҳамширанинг оилаларига бир марталик ёрдам пуллари етказилган. Хабар беришларича, вафот этган шифокорларнинг оилаларига 10 миллион сўмдан, ҳамшираларнинг оилаларига эса 5 миллион сўмдан ёрдам пули берилган.

«Инсонлар саломатлиги йўлида жонларини фидо қилган шифокор ва ҳамшираларимизнинг оила аъзоларига ажратилаган бир марталик ёрдам пуллари бугунни ўзида етказилади», — дея таъкидлаган Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев.

Рўйхатда исми келтирилганларнинг айнан қайси санада вафот этгани маълум қилинмаган. Бироқ, «Gazeta.uz»нинг аниқлик киритишича, 2020 йилда вафот этган тиббиёт ходимлари хотирасига бағишланган, уларнинг исмлари ва суратлари эълон қилиб борилаётган «Фидокорлар» Telegram-каналида Қашқадарё ҳокимлиги эълон қилган рўйхатдаги исм-фамилияларни ҳам учратиш мумкин.

Қашқадарё вилоятида 2020 йилги пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимлари

1. Нурматов Шерали Назарович — вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. Қарши шаҳри. «Фидокорлар» канали у ҳақда 22 август куни ёзган (бу ўлим санаси эмас, балки каналда марҳум ҳақида маълумот берилган сана).

2. Музаффаров Рауль Камолович — вилоят Санитария-эпедимиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати эпедимиология бўлими мудири бўлиб ишлаган. Қарши шаҳри. 14 сентябрь.

3. Кўчаров Хўжа Умарович — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали токсикология бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Қарши шаҳри. 21 октябрь.

4. Ёқубов Кенгбой Иброҳимович — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали рентгенолог шифокори бўлиб ишлаган. Косон тумани. 14 август.

5. Боймуродов Ханжар Боҳорович — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали нейрохирургия бўлими шифокори бўлиб ишлаган. Қарши шаҳри. 21 октябрь.

6. Имомов Бўрон Бўриевич — вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази йирингли хирургия бўлими шифокори бўлиб ишлаган. Қарши тумани. 3 сентябрь.

7. Вазиров Бекмурод Маъдиевич — вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери 6-психиатрия бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Қарши шаҳри. 18 август.

8. Абираҳматов Парда Ҳайитович — Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси «Қовчин» ҚВП умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлаган. Ғузор тумани.

9. Раҳимов Сайфулла Каримович — Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси ШТЁ хирургия бўлими шифокори бўлиб ишлаган. Ғузор тумани. 1 октябрь.

10. Кўчимова Сетора Эралиевна — Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси ШТЁ терапия бўлими ҳамшираси бўлиб ишлаган. Ғузор тумани. 25 сентябрь.

11. Элмуродова Элнора Нуриддин қизи — Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси ШТЁ хирургия бўлими ҳамшираси бўлиб ишлаган. Ғузор тумани.

12. Тошпўлатова Саодат Тожиевна — Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими ҳамшираси бўлиб ишлаган. Ғузор тумани.

13. Чаққонова Барно Муҳиддиновна — Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси ШТЁ терапия бўлими орастабонуси бўлиб ишлаган. Ғузор тумани.

14. Исматова Маҳбуба Ўриновна — Қарши туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими мудири бўлиб ишлаган. Қарши тумани. 14 август.

15. Омонова Навбаҳор Раҳматуллаевна — Қарши туман тиббиёт бирлашмаси 57-қишлоқ оилавий поликлиникаси акушер-гинеколог шифокори бўлиб ишлаган. Қарши шаҳри. 14 август.

16. Худойбердиева Дилбар Раҳмоновна — Қарши кўп тармоқли марказий поликлиникаси иммунолог врачи бўлиб ишлаган. Қарши тумани. 15 август.

17. Жўраев Баҳодир Кенжаевич — Қарши туман тиббиёт бирлашмаси 52-қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлаган. Қарши тумани.

18. Қўшоқов Ҳусан Пардаевич — Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. Деҳқонобод тумани.

19. Саодатов Бобомурод Қаҳҳорович — Деҳқонобод туман тиббиёт бирлашмаси 3-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси бўлиб ишлаган. Деҳқонобод тумани.

20. Утанов Қулмуҳаммад — Деҳқонобод кўп тармоқли марказий поликлиникаси тери-таносил касалликлари шифокори бўлиб ишлаган. Деҳқонобод тумани.

21. Иброҳимов Ашур Раҳматуллаевич — Қамаши туман тиббиёт бирлашмаси 51-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси бўлиб ишлаган. Қамаши тумани. 17 август.

22. Суюнов Бахтиёр Турдиевич — Қамаши туман тиббиёт бирлашмаси ТТЁ бўлими врачи бўлиб ишлаган. Қамаши тумани.

23. Хидирова Ҳадича Назаровна — Қамаши туман тиббиёт бирлашмаси гинекология бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Қамаши тумани. 15 октябрь.

24. Назаров Мамаёқуб Усмонович — Китоб туман тиббиёт бирлашмаси реаниматолог шифокори бўлиб ишлаган. Китоб тумани. 30 сентябрь.

25. Ашуров Тўлқин Абдуллаевич — Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бўлиб ишлаган. Қарши шаҳри. 31 август.

26. Исмоилова Шоира Негматовна — Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси акушер-гинеколог шифокори бўлиб ишлаган. Шаҳрисабз шаҳри. 13 октябрь.

27. Файзиев Шукрулло — Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси педиатор шифокори бўлиб ишлаган. Шаҳрисабз тумани. 6 октябрь.

«Шифокорлик касбини ёшлигидан севиб, тиббиёт олийгоҳларида ўқиб, умрини шу касбга бағишлаган ва пандемия пайтида вафот этган юқоридаги воҳадошларимиз орасида 1995—1985 йилларда туғилган ҳамда ярим умрини шу соҳанинг сир-асрорларини ўрганишга бағишлаб, эндигина турмуш қурган ёки фаолиятини энди бошлаганлари ҳам бор эди. Афсус... Уларнинг жасорати ва фидойилиги қалбларимизда мангу яшайди», — дейди Қашқадарё вилояти ҳокими.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматидан «Gazeta.uz»га маълум қилишларича, номлари юқорида келтириб ўтилган тиббиёт ходимлари орасида нафақат коронавирусдан, балки ёндош касалликлар, пневмония асоратлари оқибатида вафот этганлар ҳам бор.