Қашқадарёда 17 нафар бемор учун қарийб 500 млн сўм маблағ ажратилгани маълум қилинди

Қашқадарёда 17 нафар бемор учун қарийб 500 млн сўм маблағ ажратилгани маълум қилинди

Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида ташкил этилган «Халқ дарди билан яшайлик!» шиори остидаги хайрия тадбирида иштирок этар экан, «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан мураккаб кардиологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиши белгиланган 17 нафар бемор учун 495 миллион сўм маблағ ажратилганлигини маълум қилди.

Бу беморлар ҳақиқатда эҳтиёжманд, «Темир дафтар»да қайд этилган, баъзиларининг ногиронлиги бор. Ҳаммаси юрак хасталиклардан азият чекишмоқда. Аммо мураккаб жарроҳлик амалиётлари харажатлари учун етарли маблағи йўқ. Шунинг учун ҳам улар вилоят ҳокимининг онлайн манзилига мурожаат қилишди ва шундан сўнг муаммо ҳал этилди.

Бу беморларда клапан протезлаш, окклюдер имплантацияси, коронарография стентлаш, аортакоронар шунтлаш сингари юқори технологияли, мураккаб операциялар амалга оширилиши мўлжалланмоқда.