Қашқадарёда “боғча опа” болаларнинг қўлига қиздирилган қозон босгани айтилмоқда (Видео)

Қашқадарёда “боғча опа” болаларнинг қўлига қиздирилган қозон босгани айтилмоқда (Видео)

Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчи 5 ёшли Э.О. нинг қўли қиздирилган қозонда куйдирилди. Боланинг онаси Ирода Р. бу иш бошида боғча тарбиячиларидан бири турганини айтмоқда.

Шунингдек, у Вилоят ИИБга шикоят қилиб, ариза ёзганини ҳам маълум қилган.

“202 -йил октябрь ойида боламни Шаҳрисабз шаҳридаги “Қуёшим” номли боғчага бергандим. Шу пайтгача яхши бориб келарди. Кейин руҳан ўзгарганини сездим. Болам камгап бўлиб қолди. Жудаям шўх эди. Кайфияти йўқ, гапирмайди. Бир нарса сўрасак, боғча ҳақида айтмайди. Қўрқоқ бўлиб қолган”, –дейди боланинг онаси.

Ирода Р.нинг қўшимча қилишича, тарбиячилардан бири шўх болаларни уриб, қўрқитар экан.

"Қандай жараён кетаётганини билмоқчи эдик, афсус боғчада камера йўқ деб айтишди. Боламни ўзи бошида жуда қўрқди. Айтмади. Уйга бориб, сўраган эдим, “Махсуда боғча опам, қозон билан ётгунимча куйдирдилар” деб айтди. Шундан кейин, ҳолат бўйича ИИБга мурожаат қилдим”, – дейди она.

У шунингдек, боғчада тарбия олаётган яна бир боланинг қўли куйдирилганини айтган.

“Ҳолат бўйича боғчага мурожаат қилиб борганимда болалардан яна бирининг қўли куйдирилганини кўрдим. Нимага буни ҳам қўли куйган деб айтганимда, буни ҳам қўли қозонга куйиб кетган дейишди”, – дейди боланинг онаси.

Афсус! Қашқадарёда “боғча опа” болаларнинг қўлига қиздирилган қозон босгани айтилмоқда (ВИДЕО+ФОТО)

“Қўлимни қозонда куйдирди, кейин ярам юлиниб кетган”,- деди 5 ёшли Э.О..

Бундан ташқари боланинг оёқларида ҳам тан жароҳатидан қолган излар борлиги маълум бўлган.

Мазкур боғча мудираси М.Боқиева ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борган “НасафНеwс” мухбирига иш вақтида боғланиш кераклигини айтиб, юқоридаги важларнинг ҳаммасини ёлғон маълумот эканини маълум қилган.

“Боланинг шўхлиги оқибатида қозон сал пастроқ турган вақтида қўли тегиб кетган. Атай боғча опаси бориб, қўлини куйдирмайди-ку”, – дейди мудира.

У мухбир билан суҳбат давомида бундай воқеа содир бўлмаганини айтиб, боланинг яқинлари ва боланинг ўзи нотўғри маълумот берганини ҳам таъкидлаган.

Айни вақтда мазкур ҳолат Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ишчи гуруҳи ҳолат юзасидан ўрганиш олиб бормоқда.

Маълумот учун, Шаҳрисабз шаҳридаги “Қуёшим” болалар боғчаси нодавлат хусусий мактабгача таълим ташкилоти ҳисобланади.