Қашқадарёда чигирткадан ун ишлаб чиқарилади

Қашқадарёда чигирткадан ун ишлаб чиқарилади

Маълум қилинишича, мазкур ҳашарат таркибида оқсил миқдори кўп бўлгани боис бутун дунёда чигиртка унига талаб жуда юқори.

Шу сабабли қашқадарёлик тадбиркор Музаффар Ҳамзаев вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳа қиймати 4,1 млрд сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва ҳар килоси 3,7 АҚШ доллардан сотилади.

Шунингдек, 10 та янги иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда чигиртка унини экспортга чиқариш учун тадбиркор М. Ҳамзаев раҳбарлик қиладиган Merry-Cricket МЧЖ ва Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар ўртасида шартнома имзоланди.

"Бу лойиҳа мазкур ҳужжат ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Яна бир фойдали жиҳати шундаки, чигирткани далалардан йиғиб олиш учун аҳоли вакиллари жалб қилинади. Махсус тўр қопларда ҳашаротларни йиғиб топширгани учун уларга тегишли миқдорда ҳақ тўланади. Бу ҳам аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Чигиртка уни ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида чигирткалар чатиштирилади ва қайта ишлаш учун махсус етиштирилади", - дейди Қашқадарё вилояти инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлонов.

Қайд этилишича, бу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.