Қашқадарёда экологик тоза дизель ва авиа керосин ишлаб чиқарадиган завод қурилмоқда

Қашқадарёда экологик тоза дизель ва авиа керосин ишлаб чиқарадиган завод қурилмоқда

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш департаменти маълумотига асосан, “Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метани асосида суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестицион лойиҳаси - “Uzbekistan GTL” корхонаси қурилиши амалга оширилмоқда.

Лойиҳа бўйича табиий газни қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, углеводород хомашёси импортини қисқартириш, ички бозорда сифатли ва экологик тоза ёқилғига мавжуд бўлган талабни қондириш, бозорни маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариладиган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Умумий нархи 3.6 млрд. АҚШ долларига яқин бўлган лойиҳа давлат кафолати остидаги Жанубий Корея ва Хитой давлатларининг халқаро молия институтлари ва молия ташкилотлари, хорижий тижорат банклари кредит маблағлари, “Тикланиш ва тараққиёт” жамғармаси ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ маблағлари эвазига молиялаштирилмоқда.

Лойиҳа доирасида ушбу завод йилига жами 1,5 млн. тонна юқори сифатли ва экологик тоза бўлган синтетик ёқилғи ишлаб чиқаради. Жумладан, 724,6 минг тонна дизель ёқилғиси, 307,3 минг тонна авиа керосин, 437,3 минг тонна нафта, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш жадвалига мувофиқ, июнь-июль ойларида электр энергияси ва хомашё сув, ёқилғи газ етказиш ишлари бошланиши билан ёнғинга қарши тизимда ишга тушириш ишлари амалга оширилади (июль), ҳаво ва катта босимли буғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда завод ичкарисидаги подстанцияда, буғ турбинали генераторларда (октябрь), канализация сувларини биологик тозалаш ускунасида ишлар якунланади (ноябрь).

Завод дунёнинг нефть ва газ кимёси соҳасида етакчи ҳисобланадиган Sasol (Жанубий Африка), Haldor Topsoe (Дания) ва Chevron (АҚШ) каби компанияларнинг технологиялари асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, бу ерда 808 та янги иш ўринлари яратилади.

Бу ерда ишлайдиган мутахасисслар ҳозирда “Шўртан”, “Устюрт” газ кимё мажмуалари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Қатар давлатидаги ишлаб чиқариш заводларида иш ўрганишмоқда. 

Бугунги кунда лойиҳа доирасида ЕРC шартномаси 86% дан зиёдга бажарилган бўлиб, қурилиш майдонига 9 минг нафардан ортиқ мутахассис ва ишчилар, 900 дан ортиқ қурилиш ва махсус техника жалб этилди.

Лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг декабрь ойига қадар тугатиш режалаштирилган.