Қашқадарёда электр узилишлари сабабли сув таъминоти тўхтади

Қашқадарёда электр узилишлари сабабли сув таъминоти тўхтади

Қашқадарёнинг бир қатор туманлари электр таъминотидан тўлиқ узилгани сабаб сув таъминотида муаммолар юзага келди. Маълумотларга кўра, 4-январ куни соат 06:59 да ва 10:10 да Қашқадарё вилояти “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли нефт ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергияси билан таъминлаб турган “Нефтчи” подстансиясида реле ҳимоядан ўчган.
Толимаржон ИЕС га етарли миқдорда газ бормаганлиги учун иккита энергоблок тўхтаган. Оқибатда Қашқадарёнинг бешта туманида тўлиқ электр энергиясидан узилиш ҳолати рўй берган ва Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ туманларида жойлашган сув ишлаб чиқариш иншоотлари фаолияти тўхтаган. Оқибатда аҳолига сув етказиб беришда ҳам муаммолар юзага келган.
Қайд этилишича, ҳозирда “Иссиқлик манбайи” фаолиятида ҳам узилиш рўй бериб, кўпқаватли уйларнинг иситиш тизими тўлиқ қувват билан ишламаяпти.
“Қашқадарё Сувтаъминот”нинг Қарши шаҳар бўлими тарафидан вилоят аҳолисига махсус техникаларда ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев вилоятда электр таъминоти соатлаб режасиз узилаётгани устидан бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилганди. Бош вазир вазият икки кунда ўнгланишини ваъда берганди.
Аввалроқ Қашқадарёнинг нафақат туманлари, балки маъмурий маркази ҳисобланган Қарши шаҳрида ҳам электр таъминотида олти соатлаб узилишлар бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди",-дея хабар бермоқда Daryo.uz