Қашқадарёда пневматик тўппонча, электрошокер ва чопқи билан қуролланиб босқинчилик қилган 3 йигит қўлга олинди

Қашқадарёда пневматик тўппонча, электрошокер ва чопқи билан қуролланиб босқинчилик қилган 3 йигит қўлга олинди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида пневматик тўппонча, электрошокер ва чопқи билан қуролланиб босқинчилик қилган 3 йигит қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 25 декабрь куни соат 16:30ларда А-378 Қарши-Самарқанд халқаро автомобиль йўлининг Чироқчи туманидан ўтган қисмида 27 ёшли У.Л. ўз бошқарувида бўлган Matiz машинасида таниши билан гаплашиб ўтирганида уларнинг ёнига Nexia-2 келиб тўхтаган.

Машинадан уч нафар номаълум шахс тушиб келиб уларни Nexia-2га миндириб, сўнг пистолет, электрошокер ва чопқи пичоғи билан ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб қўрқитган. Босқинчилар У.Л.нинг ёнида бўлган 1 миллион 820 минг сўм, 701 доллар пулларини, 2,5 миллион сўмлик Samsung A22, 700 минг сўмлик iPhone 5S русумли телефонларини, Matiz’га ўрнатилган 100 долларлик Т99 русумли видеорегистраторни, 70 минг сўмлик 8 гб флешкасини ва икки дона нархи 10 минг сўмлик ўт олдиргични тортиб олиб ҳодиса жойидан яширинишган.

Фото: Тергов департаменти

Олиб борилган тезкор-қидирув натижасида ушбу жиноятни 20 ёшли Ж.Э., 21 ёшли Р.О. ва 24 ёшли А.С. содир қилгани аниқланиб, улар ушланган. Улардан бир дона пневматик тўппонча (ўқлари ва газ баллончалари билан), бир дона электрошокер қурилмаси, Т99 русумли видеорегистратор, Samsung A22 ва iPhone 5s телефонлари, 1 миллион 196 минг сўм пуллар, сумка ҳамда бир жуфт қўлқоп ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ж.Э., Р.О. ва А.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.