Қашқадарёда тадбиркорлар ҳуқуқини поймол қилган 43 нафар мансабдор жаримага тортилди

Қашқадарёда тадбиркорлар ҳуқуқини поймол қилган 43 нафар мансабдор жаримага тортилди

Қашқадарё вилоятида 2021 йилнинг ўтган тўрт ойи давомида тадбиркорлар ҳуқуқини поймол қилган 43 нафар мансабдор салкам 24 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи масъули Шероз Шодиевга таяниб, «Дарё» хабар берди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг январь—май ойларида Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи ходимлари тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини бузган 43 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирган.

«Маъмурий баённомалар асосида мансабдор шахслардан 23 миллион 428 минг 500 сўм жарима ундирилган. Таҳлилларга кўра, вилоятда энг кўп қонунбузилиш ҳолати солиқ идораси мансабдор шахслари томонидан содир этилган бўлиб, улар бу қилмиши учун 16 миллион 656 минг 500 сўм миқдорида жарима тўлаган. Шунингдек, тижорат банклари мансабдорлари тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини ўз муддатида кўриб чиқмагани учун 1 миллион 159 минг сўм жаримага тортилган», — дейди Шероз Шодиев.

Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги масъулига кўра, ҳудудда тадбиркорлар ҳуқуқини поймол қилган ҳокимлик мансабдорлари ҳам хатти-ҳаракатига жавоб бериб, 958 минг сўм жарима тўлаган.