Қашқадарёда ЙПХ ходимларига кунига 20 та баённома тузиш мажбурияти юклангани айтилмоқда

Қашқадарёда ЙПХ ходимларига кунига 20 та баённома тузиш мажбурияти юклангани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари инспекторлардан кунига 20 та маъмурий баённома тузиш юкламаси айтилган аудио тарқалди. ИИВ ЙҲХББнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

NasafNews нашри Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари Шаҳриддин Қўшоқов ва навбатчи Э.Алимов томонидан ЙПХ ходимлари кун давомида 20 та маъмурий баённома расмийлаштириши зарурлиги айтилган мурожаатни эълон қилди.

«Инспекторларга ярим тунда, навбатчилик қилиш билан бирга, уйма-уй юриб қарздорлик ундириш вазифаси ҳам юкланмоқда. Ҳар биримиз бир кунда 20 та баённома тузмасак, раҳбарият кеч соат 23:00 да ‘разбор’ қилади. Биз ҳам одам. Бизда ҳам оила бор. Уйимизга, болаларимиз олдига боргимиз келади. Лекин қўйилган юкламаларни бажараман деб, уйга ярим тун соат 3 ва 4 га кириб келамиз», — дейди инспекторлардан бири.

Маълум бўлишича, топшириқлар, асосан, Қашқадарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳриддин Қўшоқов томонидан берилади.

«Биз Қашқадарё вилояти ЙҲХБ бир гуруҳ инспекторлари томонидан мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Бошлиқ ўринбосари Ш.Қўшоқов томонидан бизга ҳар кун ‘20 та баённома ёзасан, маст ҳайдовчи ушлайсан’ деб юклама қўйилмоқда. Ўзингиз биласиз, бизда алкотестер йўқ. Ҳозир пандемия вақти бўлса, бирор-бир касал юқтириб олсак, нима бўлади? Мана, ҳозир тунги соат 22:58, дам олиш куни, ҳали жавоб бўлгани йўқ», — дея қўшимча қилган яна бир инспектор.

Таъкидланишича, инспекторларга берилаётган 10 фоиз баённома пули ҳам тўхтатиб қўйилган, хизмат автомашиналарига бензин берилмаяпти.

Эълон қилинган аудиода Ш.Қўшоқов вилоят прокурори раҳбарлиги остида йиғилиш ўтказилганини, жарималар йиғиш бўйича ЙПХ ходимларига топшириқ бўлгани, кўпроқ баённома расмийлаштириш кераклигини айтган. Яна бир аудиода эса уйма-уй юриб, қарздорликни йиғиш вазифаси қўйилади. Бундан ташқари, бир кунда 20 та баённома тузмаган ходим жазоланиши эслатилади.

ИИВ ЙҲХББнинг таъкидлашича, ушбу хабар юзасидан ИИВ ЖХД ЙҲХХ томонидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланган.